Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Германия экспертларининг 1-форуми иш бошлади
2024 йилнинг сентябрь ойида Остонада ўтказилган “Марказий Осиё + Германия” саммитида Президентимиз ушбу давлатларнинг таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш ҳамда унинг бирини учрашувини Хива шаҳрида ташкил қилишни таклиф этган эди. Ушбу ташаббус асосида жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари Хивада ўтказилаётган “Ўзгарувчан дунёда стратегик ҳамкорлик” мавзусидаги анжуманда Германия ва Марказий Осиё давлатларининг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари, нуфузли экспертлар, илмий ва таълим доиралари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакиллари қатнашмоқда. Форумнинг очилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов ва бошқалар сўзга чиқди.
-Ушбу Форум айнан Хива шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас, — дейди анжуман иштирокчиси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Андре Альгермиссен. — Чунки, тарихдан маълум, 1882-1937 йилларда Хоразмда немис меннонитларининг катта жамоаси яшаган ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожига жуда катта ҳисса қўшишган. Мустақиллик йилларида минтақа мамлакатлари ва Европа Иттифоқининг асосий иштирокчиларидан бири бўлган Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Бугунги учрашувдан кўзланган асосий мақсад “Марказий Осиё + Германия” форматини таҳлилий қўллаб-қувватлашга кўмаклашадиган доимий фаолият юритувчи экспертлар платформасини ишга туширишдан иборат.

Анжуман доирасидаги муҳокамалар, қизғин фикр алмашувлар Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий кооперация ва саноат шериклигини ривожлантириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, шунингдек, академик алмашинувлар ва уюшган меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг