Хитойнинг бир қатор компаниялари Россия мудофаа корхоналарини қўллаб-қувватлагани учун «қора рўйхат»га киритилди
Фото: Reuters
АҚШ ҳукумати Хитойнинг бешта компаниясини Россия ҳарбий-саноат комплексини халқаро санкцияларни айланиб ўтиб, қўллаб-қувватлаганликда айблаб «қора рўйхат»га киритди. Бу ҳақда «Reuters» хабар бермоқда.
Қора рўйхатни назорат қилувчи АҚШ Савдо вазирлигининг маълум қилишича, Хитойнинг қатор компаниялари Россия ташкилотлари билан санкциялар остида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузишда давом этмоқда.
«Бу бутун дунё бўйлаб бизнес ва жисмоний шахсларга, агар улар Россияни қўллаб-қувватлашга интилишса, Қўшма Штатлар чора кўриши ҳақида кучли сигналдир», дейди АҚШ Савдо вазири ўринбосари Алан Эстевес.
Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси Пекин Россия ёки Украинага ҳарбий ёрдам бермаганини яна бир бор маълум қилди. Ўз навбатида, Хитой дипломатлари ҳам ўз компаниялари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўришга тайёр эканликларини билдирдилар.
«Reuters» хабарига кўра, «Connec Electronic», «King Pai Technology», «Sinno Electronics», «Winninc Electronic» ва «World Jetta (HK) Logistics» компаниялари «қора рўйхат»дан жой олган.
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Жун аввалроқ НАТОни Украинадаги инқироз туфайли янги совуқ уруш бошламасликка чақирган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг