Хитойнинг 19 та компанияси Европада санкцияга учради. Уларнинг «гуноҳи» нима?
Европа Иттифоқи Хитойнинг 19 та компаниясига санкция киритди. Бу ҳақда «France 24» нашри хабар бермоқда.
Россиянинг Украинадаги уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганликда айбланаётган бу ширкатлар Европа Иттифоқининг Москвага қарши санкцияларининг 14-тўпламининг бир қисми сифатида расмийлаштирилган. Шу тариқа, ЕИ томонидан санкция қўйилган фирмаларнинг умумий сонини 675 тага етди.
Компаниялар Россия ҳарбий-саноат комплексига ёрдам беришда айбланмоқда. Рўйхатга Гонконгнинг бир нечта фирмалари киритилган. Хитой бу айбловларни ёлғон маълумотларга асосланганлигини таъкидлаб, рад этади.
Санкцияланган ХХР компаниялар орасида сунъий йўлдош саноатининг асосий иштирокчилари ҳам бор. «Beijing Yunze Technology Co Lt» ва «Chang Guang Satellite Technology» компаниялари Россиянинг «Вагнер» ёлланма гуруҳи билан 2022 йилнинг ноябрида 30 миллион доллардан ортиқ бўлган муҳим битим тузишган.
Бундан ташқари, бошқа сунъий йўлдош тасвирлари провайдери «Head Aerospace Technology» санкцияга учради. Бу компания 2023 йилда ҳам худди шундай сабабларга кўра АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Европа Иттифоқининг янги санкциялари Туркия, Қирғизистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва БАА компанияларига ҳам тегишли.
Хитой расмийлари Европа Иттифоқининг даъволарини асоссиз эканлигини айтишмоқда. Вазият Хитой ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириб юбориши мумкин.
ЕИ давлатлари Пекин билан нафақат бу борада келиша олишмаяпти, балки космосни тадқиқ қилишдаги «пойга»да ҳам ортда қолаётганидан «алам»да дейиш мумкин. Шу сабабли ҳам иттифоқ ҳудудида Хитой товарларига ортиқча божлар жорий қилингани ҳақда хабар берган эдик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг