Хитойдан янги автобуслар олиб келинди

17:15 02 Ноябрь 2023 Жамият
551 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қарши шаҳрига Хитойда ишлаб чиқарилган 30 дона замонавий йўловчи ташувчи автобус олиб келинди.

“Шарофиддин-Нурилло” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳар бири 80 минг АҚШ доллари эвазига харид қилинган мазкур автобусларда 24 тадан ўриндиқ мавжуд. Шаҳар ичидаги йўналишларда умумий йўловчи қабул қилиш сиғими эса 60 кишини ташкил этади.

— Бу автобуслар замонавий қулайликларга эгалиги билан бошқаларидан ажралиб туради, – дейди “Шарофиддин-Нурилло” МЧЖ иш юритувчиси Акбар Турдиев. – Хусусан, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз аравачаларида чиқиши ва салон ичида эркин ҳаракатланиши учун алоҳида жой мавжуд, шунингдек, ёши катта кишилар учун алоҳида қулайликка эга бўлган ўриндиқлар ўрнатилган. Замонавий иситиш-совитиш тизимлари, кузатув камералари мавжуд. Ҳатто, бир кунда автобусга қанча одам чиқиб-тушганини қайд этиб борадиган алоҳида сенсор ўрнатилган.

Айни пайтда автобуслар Қарши шаҳри ичидаги йўналишларда қатнай бошлади. Яқин кунларда яна 70 дона худди шу русумдаги автобус олиб келиниши кўзда тутилган.

Бунгача вилоятида 381 дона автобус аҳолига йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган эди. Эндиликда уларнинг сони 411 тага етди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер