Хитойда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва cайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

11:34 29 Июль 2023 Дунё
377 0

Фото: «Дунё» АА

Пекин Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида маданият фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Университет партия котиби Хуан Байюнь тадбир  иштирокчиларини қутлар экан, ушбу маданий анжуманда Хитойдаги 42 та хорижий дипломатия ваколатхоналари, 20 дан зиёд ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий ва чет эллик профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этаётганини қайд этди.

Тадбирда, жумладан, мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан ушбу олий ўқув юртида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан биргаликда Ўзбекистон маданияти ва сайёлик салоҳиятига  бағишлаган махсус бурчак ташкил этилди.

Ўзбекистон вакиллари тадбир иштирокчиларини сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳукумати томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳамда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан таништирдилар.

Хусусан, ҳозирги кунда 91 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш учун визасиз режим жорий этилгани таъкидланди. 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар учун 10 кунгача визасиз бўлиш тизими яратилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон кўҳна Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган мамлакат сифатида Хитой билан фан, таълим, маданият, спорт, туризм соҳаларида ўзаро алмашувини кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Хитойда Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга ҳамда мамлакатимизга хитойлик сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қиладиган ўзбек, хитой ва инглиз тилларида чоп этилган тарғибот материаллари тадбир иштирокчилари ўртасида тарқатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер