Хитой самога сунъий Ой учирмоқчи

17:36 19 Октябр 2018 Дунё
2353 0

Хитой 2020 йилда самога сунъий Ой – нур қайтаргичлари бор йўлдошни учиришга тайёрланмоқда. Ушбу қурилма шаҳарларни тунги ёритишда ёрдам бериши керак, дея интервью берди Tian Fu янги илмий соҳалар уюшмаси раҳбари У Чуньфэн China Daily газетасига.

Агар 2020 йилги биринчи учириш муваффақиятли амалга оширилса, 2022 йилга келиб орбитага яна учта шундай объект чиқарилади.

“Биринчи шу каби йўлдош асосан тажрибавий бўлади, лекин 2022 йилда учирилиши мумкин бўлган кейинги учта “Ой” эса етарли даражада катта тижорий салоҳият касб этади”, - деди У Чуньфэн.

Сунъий Ой худди табиийси каби қуёш нурини қайтарувчи махсус қопламага эга бўлади. У тунлари Ой нурига қўшимча тарзда уни тўлдиради. Боз устига, мазкур қурилма ҳақиқий Ойга нисбатан саккиз марта ёрқинроқ ёритиб беради.

Олимнинг сўзларига кўра, бундай натижага сунъий йўлдошни Ердан 500 километр баландликка “ўрнатиш” ҳисобига эришилади. Табиий Ой эса сайёрамиздан 384 минг километр узоқликда жойлашган.

Шунга қарамай, у тунги осмонни бутунлай ёритиб бера олмайди. Одам учун у кўча чироқларидан беш баробар хирароқ кўринади.

Қайтаргичлар орқали ёруғлик нурлари жойлашуви ва ёрқинлигини назорат қилиш мумкин. Булутли кунларда сунъий Ойнинг ёруғлиги худди табиийси каби Ер юзасига етиб келиши қийин бўлади.

Умуман олганда, мазкур қурилма бир қатор шаҳар туманларида тунги ёритишда қўл келиб, энергияни тежашга хизмат қилиши мумкинлиги айтиляпти. Масалан, Чэнду шаҳри, агар сунъий йўлдош 50 квадрат километр майдонни ёрита олса, шу усул билан йилига 1,2 миллиард юан(174 млн. доллар)лик электр энергиясини иқтисод қилиб қолади. Бундан ташқари, унинг ёрдамида табиий офатлар оқибатида электр энергияси узилиб қолган ҳудудларни ёритиш, шу орқали қидирув-қутқарув ишларига ёрдам бериш ҳам мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер