Хитой Германия самолётига лазер ёрдамида ҳужум қилди
Иллюстратив фото
Хитой Германия самолётига лазер ёрдамида ҳужум қилди. Германия ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини Яқин Шарқда юз берган ушбу воқеа муносабати билан чақиртирган. Маълум қилинишича, Яқин Шарқда немис ҳарбийлари 2024 йилдан бери Европа Иттифоқининг миссиясида иштирок этиб келмоқда. Амалиётдан мақсад Қизил денгиз, Адан кўрфази, Араб денгизи, Ўмон ва Форс кўрфазларида навигация эркинлигини таъминлашдан иборат. Немис самолётлари ҳаво ҳудудини кузатиш учун мунтазам разведка парвозларини амалга оширади.
«Хитой ҳарбийлари Европа Иттифоқининг операциясида иштирок этган немис самолётини лазер билан нишонга олди. Германия ходимларига таҳдид ва операциянинг тўхтатилиши мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Шу муносабат билан бугун Хитой элчиси Германия ташқи ишлар вазирлигига чақирилди», дейилади Германия ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
«Bild» нашрининг хавфсизлик хизматларидаги манбаларига кўра, бу Хитой ҳарбийларининг биринчи бундай ҳужуми эмас. Улар учувчиларни кўриш имкониятларини чеклаш ва электроникани бузиш учун Ғарб самолётларига қарши лазерлардан бир неча марта фойдаланганлар. Хусусан, 2018 йилда АҚШ самолётлари Жибутидаги Хитой ҳарбий базасидан лазер ёрдамида ҳужумга учраган. АҚШ бунда расман Хитойни айблади, бироқ Пекин бу айбловларни рад этди.
«Bild» маълумотларига кўра, Германия ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчиси Дэн Хунбога «Хитойнинг хатти-ҳаракатларини мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини ва Германия немис аскарлари хавф остида қолишига йўл қўймаслигини» аниқ айтган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг