“Халқлар дўстлиги“ яқинида икки машина тўқнашиб кетиши натижасида ёнғин келиб чиқди. Икки йўловчи ҳалок бўлди
9 январь куни соат 23:30да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган “Халқлар дўстлиги“ саройи қаршисида иккита автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
“Ласетти” русумли автомобиль (давлат рақами 01 В 889 WA) ҳайдовчиси 44 ёшли Д. М. Ислом Каримов кўчасига бурилишдан олдин светофоргача бир неча метр масофа қолганида тор жойда тўхтаган. Тезликни ошириб ҳаракатланиб келаётган “БМВ” автомобили (давлат рақами 01 Т 777 ЕВ, Шайҳонтоҳур туманида яшовчи 63 ёшли К.М. номига расмийлаштирилган) “Ласетти”га тўқнашиши оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан.
“Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси ва 6 ёшли йўловчиси Д.М. Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқарилгач, жароҳат ва куйишлар билан шифохонага етказилган. Яна икки нафар йўловчилар – 44 ёшли И.М. ва 8 ёшли Я.М. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
“БМВ” автомобили ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинган. ЙТҲ содир бўлганида автомобилни бошқарган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
ЙТҲнинг тахминий сабаби: “БМВ” автомобили ҳайдовчиси тезликни кескин оширган.
ЙТҲ факти бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) “а” банди 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг