Халқаро кузатувчилар Қашқадарёда
Парламент сайлови муносабати билан ушбу сиёсий тадбирга тайёргарликнинг бориши билан танишиш мақсадида вилоятга халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари ташриф буюришмоқда. Уларга сайлов участкаларида бўлиб, тайёргарлик жараёнларини бевосита кузатишлари учун тўлиқ имкониятлар яратиб берилди. Халқаро кузатувчилар билан ўтказилган мулоқот жараёнларида улар бу ҳақдаги уз фикрларини билдирдилар.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссияси аъзоси – МДҲ Ижроия қўмитаси маслаҳатчиси Олег Кулеба Қашқадарё вилоят сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 125-Қарши округ сайлов комиссиясида бўлиб, жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.
- Аввал ҳам Ўзбекистонда ўтказилган сайловларда кузатувчи сифатида қатнашганман, - деди МДҲ Ижроия қўмитаси маслаҳатчиси Олег Кулеба – Мамлакатингизда Сайлов кодекси қабул қилиниши сайлов жараёнларида нимани ўзгартиргани, бу галги сайловларнинг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари кўпчиликни шу жумладан бизни ҳам қизиқтиради.
Халқаро кузатувчи Халқаро матбуот маркази Қашқадарё вилояти бўлимида журналистлар учун яратилган шароитлар ва бу ердаги тайёргарлик ишлари билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасидан маълум қилишларича, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ муддатли кузатувчилари Марк Валлер ва Элиска Флидрова Қашқадарё вилояти телерадиокомпаниясида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Кузатувчилар бу борадаги ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида иштирок этаётган партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун вилоят сайлов комиссияси қарорига кўра, 2019 йилнинг 18 ноябридан бошлаб телевидение ва радиода ҳар куни биттадан сиёсий партия учун 30 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилган. Ҳар ҳафтанинг белгиланган кунида тегишли сиёсий партияларнинг чиқишлар ташкил қилинмоқда. Уларга телерадиокомпания томонидан зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бепул ажратилган эфир вақтидан фойдаланиш турлари, шакллари ва усулларини сиёсий партиялар мустақил белгиламоқда. Партиялар ўртасидаги бир соатлик дебатни эфирга узатиш учун ҳар бир партия вакилларига белгиланган регламентга мувофиқ тенг вақт ажратилмоқда.
Меҳмонлар телевидение ва радиода ҳақ эвазига эфир вақти ажратилиши юзасидан белгиланган мезонлар, бу галги сайловлар тарғиботининг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари, сайловга оид кўрсатувларни аҳолининг қанча қисми кузатиб бораётгани билан ҳам қизиқдилар. Халқаро кузатувчилар билан учрашувда таъкидланишича, Ўзбекистонга Парламент сайловларини кузатиш учун Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилари келиши кутилмоқда, уларнинг 22 нафари Қашқадарёда бўлишади.
А. Муҳаммадиев. Халқ сўзи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг