Халқаро китоблар совға қилиш кунида Адлия вазирлигидан туҳфа

19:58 14 Февраль 2024 Жамият
283 0

Мамлакатимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш борасида Адлия вазирлиги ибратли ташаббуслар кўрсатаётгани эътиборга лойиқ.

Айни кунларда вазирлик томонидан яна бир маърифий ташаббус – #Ziyo_ulash акциясини амалга оширишга киришилди. Бу борада Тошкент вилояти туман ва шаҳарларидаги 4-секторда жойлашган маҳаллаларда ёшлар учун кутубхоналар ташкил этиш лойиҳаси бошланди.

— Акция улуғ аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунларида бошлангани бежиз эмас, — дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси мутахассиси Эркин Дорипов. — Қолаверса, 14 февраль дунё миқёсида Халқаро китоблар совға қилиш куни сифатида нишонланиши ҳам барчамизга яхши маълум.

Бугунги тадбир доирасида Зангиота туманида жойлашган “Ватанпарвар” МФЙ йигит-қизлари учун ташкил этилган кутубхонага Адлия вазирлиги томонидан 400 га яқин китоб совға қилинди. Туҳфалар орасида Президент асарлари, шеърий ва насрий адабиётлар, жаҳон адабиёти дурдоналари ҳамда ўзбек зиёлилари фаолиятини тарих зарварақларига муҳрлаган китоблар бор.

Таниқли ижодкорлар, маҳалла фаоллари ҳамда навқирон авлод вакиллари қатнашган юзма-юз мулоқотда адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев иштирок этиб, бугунги кунда китоб билан дўстлашиш, ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш жуда ҳам муҳим эканлигини таъкидлади. Айниқса, ёш авлод камолоти, интеллектуал салоҳиятини оширишда, уларнинг қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёслигига эътибор қаратди.

Шунингдек, учрашувда вазирлик томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун барча китобларнинг электрон ва аудио шакллари жамланган электрон кутубхона ҳам фойдаланишга топширилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер