Халқаро гуллар фестивали қизғин давом этмоқда

12:30 25 Май 2022 Жамият
1012 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Наманганнинг барча йўллари вилоят марказида кўрк бағишлаб турган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи билан туташгандай. Олам гўзаллигини мужассам этган маскан, мана бир неча кундирки, миллионлаб нафосат шайдоларини гул ва чечаклар ифори, кўзни қувнатадиган ажиб манзаралардан баҳраманд қилмоқда. Ҳар қачонгидан жозибали ўтаётган анъанавий Халқаро гуллар фестивали қизғин давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, боғдаги сайил томошаларига ҳар куни бир миллионга яқин киши ташриф буюраётир. Улар орасида қўшни республикалар, мамлакатимиз вилоятларидан келган гул ишқибозлари қаторида узоқ ўлкалардан келган хорижликлар ҳам бор. Аниқроғи, анжуман бошланганидан буён жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар сони ўн минг кишига яқинлашди.

— Бизда ҳам байрамлар кўп, лекин, бунақасини биринчи бор кўришим, — дейди ҳиндистонлик сайёҳ Свити Дингри. — Фестиваль очилиши чоғида намойиш этилган жонли гуллар билан безатилган автомашиналар карвонидан ҳайратга тушдик.

Свити хоним Ню-Деҳли шаҳрида истиқомат қилади. Ёши элликка яқинлашган бу аёл биринчи марта чет эл сафарига чиққани, Наманган таассуротлари, айниқса, халқимизнинг очиқ юз ва меҳмондўстлиги ҳақида тўлиб-тошиб сўзлади. Байрам тадбирлари доирасида ташкил этилган Ҳиндистон кечасида АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Африка Республикаси, Италия, Испания Тожикистон ва бошқа қирққа яқин мамлакатлардан мингга яқин меҳмон иштирок этди.

Халқаро фестиваль тантана ва тадбирларини жаҳоннинг турли давлатларидан келган 60 га яқин ОАВ, телевидение, ижтимоий тармоқ вакиллари тўғридан-тўғри ёритишмоқда.

— Наманган дунёни лол қолдирди, — дейди “Jumhuriyаt” газетаси мухбири Асрор Аҳроров (Тожикистон). — Бундай гўзалликни жаҳоннинг ҳеч бир нуқтасида топа олмайсиз.

Анжуман ташкилотчилари ўн беш кун давом этадиган фестиваль дастури ранг-баранг бўлиши алоҳида тадбирлар белгилашган. «Афсоналар водийси» тематик паркида ўтган модалар ҳафталиги, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг жонли ижродаги концерти наманганликлар ва меҳмонларга ғоятда манзур бўлди.

Наманган вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси томонидан фестиваль меҳмонлари учун Султон Увайс Қароний мажмуаси, Ахсикент очиқ осмон остидаги музейи, Чустдаги Мавлоно Лутфуллоҳ боғи сингари ўндан ортиқ тарихий ёдгорлик ва зиёратгоҳларга саёҳат режалаштирилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер