Халқаро анжуманда долзарб масалалар муҳокама қилинди

17:51 15 Декабрь 2023 Жамият
472 0

Бухоро шаҳрида “Нефть-газ кимёси ва технологиясида муаммолар, инновацион таклифлар ва ечим” мавзусида халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди.

Бухоро муҳандислик технология институти томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўз ФА, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва бошқа бир қатор манфаатдор корхона ва муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир қатнашчилари сафида Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган соҳа етакчи олимларини кўриш мумкин эди.

Анжуман очилиш маросимида сўз олган Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова таъкидлаганидек, бугунги кунда нефть-газ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи долзарб саналади. Бунда ривожланган мамлакатларнинг бой тажрибасидан оқилона фойдаланиш фойдадан холи эмас. Хусусан, илм – фан ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадини қамраб олган дуал таълим тизими ўзининг самарадорлигини кўрсатмоқда.

Институт жамоаси айни дамда дунёнинг ўнлаб илғор олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб инновацион таълим йўналишида муайян ютуқларга эришяпти. Айни пайтда бу ерда биргина нефть-газ соҳасида 1786 нафар талаба таҳсил олмоқда. Конференция қатнашчиси бўлган “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти, “ENTER Engineering Pte. Ltd” компанияси ва бошқа бир қатор корхоналар вакиллари ҳам мазкур ўқув юртида ўқиган ёшлар малакали кадр сифатида самарали фаолият юритаётганларини эътироф этишди.

Анжуманда И. М. Губкин номидаги Россия нефть ва газ давлат университети, Жанубий Қозоғистон давлат университети, шунингдек, республикамиз олий ўқув юртлари профессор — ўқитувчилари нефть қазиб олишнинг самарадор усуллари, табиий газни чуқур қайта ишлаш, авиа ҳамда автомобиль ёқилғиси сифатини яхшилаш каби қатор мавзуларда илмий маърузалар қилишди. Тадбир якунида илм – фан ва амалиёт интеграциясини чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан келишувларга эришилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер