“Халқ ва армия — бир тану бир жон”
Маънавият
Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг муҳим таянчига айланган. Мутафаккир шоир Алишер Навоий “...бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир” дея таъкидлар экан, она юртимизнинг ҳар бир ўғил-қизини огоҳликка, мамлакат осойишталигини асрашга чақиради.
Айни кунларда ҳам барчамиз Ватан, халқ ва армия бир-бирига нақадар яқин ва муштараклигини яққол ҳис этяпмиз. Муҳтарам юртбошимизнинг ана шундай тамойиллар асосидаги халқ ва армия — бир тану бир жон деган улуғвор ғоя ва амалий ҳаракат арча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуроний ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда.
Шу маънода, бу йилдан Президентимизнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси муассислигида “Халқ ва армия — бир тану бир жон” илмий-амалий ва оммабоп журнали нашр этила бошлади.
Журналнинг асосий мақсадларидан бири она халқимизни миллий армиямиз фаолияти, эришаётган ютуқлари билан таништириб боришдан иборат. Бу йилдан нашр этила бошлаган журналнинг илк саҳифаларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ватан, халқ ва армия муштараклиги борасидаги фикрлари, Ўзбекистон халқига байрам табриги чоп этилган.
Кейинги саҳифаларда давлатимиз мадҳияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ҳамда журнал ташкил этилгани муносабати билан зиёли қатлам ва ҳарбийларнинг йўлланган табриклари, дил изҳорлари, фикр-мулоҳазалари, турли мавзудаги мақолалар берилган.
Журналга тақдим этилган мақолалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳамда лотин, кирилл ёзувида чоп этилади.
Аминмизки, ушбу янги нашр ҳақиқатда халқимизни армиямизга, армиямизни эса халқимизга яқинлаштиради.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг