«Халқ сўзи» учун махсус: Вашингтонда АҚШ, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди
Фото: Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси
Вашингтондаги Каспий сиёсати маркази (Caspian Policy Center)да АҚШ, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган онлайн-брифинг бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси томонидан «Халқ сўзи»га маълум қилинишича, тадбирда АҚШ ва икки минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиш тарихи, уларни чуқурлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилган.
Брифингда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Доналд Лу, Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ўринбосари Карен Донфрид, Қозоғистон Президентининг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Эржон Казиханов, Озарбайжон Президенти Девони ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмат Ҳожиев, Грузия ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Лаша Дарсалия, шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон элчилари иштирок етди.
Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш тарихидаги энг муҳим марраларни, стратегик шерикликнинг ривожланиш динамикасини, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларини қайд этди. Элчи савдо ва инвестиция соҳасидаги амалий алоқалар, инновацион ривожланиш, халқаро молия институтлари доирасидаги ҳамкорлик, академик ва илмий-техник шерикликнинг истиқболли йўналишларини алоҳида қайд этди. Энергетика, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал етиш соҳасидаги муносабатларнинг амалий натижаларига эришиш мақсадида минтақавий форматдаги, жумладан, «C5+1», АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) доирасидаги мулоқотни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари таъкидланди.
Иштирокчилар ҳудудларнинг иқтисодий фаровонлиги янада инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика тармоқларини кенгайтириш, товарлар ва энергия ресурсларининг тўсиқсиз савдоси ва транзити учун шароит яратишига ишонч билдирди. Шу нуқтаи назардан, ҳудудларнинг транспорт ва энергетика интеграциясига кўмаклашувчи қўшма лойиҳаларни янада илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари вакиллари минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, шунингдек, пандемияга қарши курашнинг устувор йўналишлари билан ўртоқлашди.
Америка вакиллари Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини қайд этди. Ислоҳотлар ва ўзгаришларни, шу жумладан, тегишли техник ёрдам ва инсон салоҳиятини ошириш дастурлари орқали қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, шунингдек минтақалар мамлакатларининг иқтисодий ўсиши ва фаровонлигини оширишга тайёрлиги таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, расмий шахслар, таҳлилий марказлар, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралар, шунингдек, АҚШ дипломатик корпуси вакиллари ҳам қатнашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг