«Халқ сўзи» газетасининг бугунги сонида қандай мақолалар эълон қилинди?

10:47 21 Август 2020 Жамият
2174 0

1. Бу йил Мустақиллик байрами қандай ўтказилади? Мамлакатимизда коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва салбий оқибатларини бартараф этиш борасида яна қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

«Шавкат Мирзиёев: пандемия Мустақиллик кунида катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклашни талаб қилмоқда» сарлавҳали мақолани ўқиб, шу каби саволларга жавоб топишингиз мумкин.

2. Мамлакатимизда ишсиз ёшлар бўйича алоҳида («Ёшлар дафтари»), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида («Аёллар дафтари») рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янгича тартибда манзилли ишланади.

Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилиш тафсилотлари билан «Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳудудлардаги қўшимча имкониятлар таҳлил қилинди» сарлавҳали мақолада танишасиз.

3. “Йиғилишда бугунги кунда энг муҳим бўлган соҳалар, яъни соғлиқни сақлаш ҳамда давлат харидлари тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилиб, мазкур йўналишларда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди”.

Бу жумла «Коррупцияни биргаликда даф этамиз. Бунинг учун барча куч ва имкониятларни бирлаштириш талаб қилинади» сарлавҳали мақоладан олинган.

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилишида кўтарилган масалалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишни хоҳласангиз, ушбу мақолани ўқиб чиқишни маслаҳат берамиз.

4. Кейинги пайтларда ер билан боғлиқ масалаларда аҳоли, тадбиркорлар билан маҳаллий ҳокимликлар ўртасида кўплаб зиддиятлар юзага келмоқда. Бунга баъзан ҳокимликларнинг зид қарорлар қабул қилгани, баъзан эса фуқаролар томонидан давлат ерининг ноқонуний эгаллаб олингани сабаб бўлаётир.

Ана шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат қайси масалаларга эътибор қаратилган ва уларнинг аҳамияти ҳақида партияларнинг муносабати қандай? Бу ҳақда «Маҳаллий кенгашлар ваколатлари оширилмоқда» сарлавҳали мақолада танишасиз.

5. «Мазкур шеърнинг ёзилганига 70 йилдан зиёд вақт ўтди. Шўро сиёсати ва мафкураси гуллаб-яшнаган бир пайтда, ўзбек халқи октябрь инқилобигача ғирт саводсиз бўлган, деган ғоя ҳукм сурган бир замонда бундай поэтик мазмунни ифода этишнинг ўзи бир жасорат эди».

«Маърифат офтоби ўчмакни билмас» сарлавҳали мақоладан олинган ушбу парча улуғ шоир Ғафур Ғулом, унинг маҳорати ва жасорати ҳақида. Шоирнинг «Самарқанд учун» шеъри қачон ёзилган? Унда қандай ғоя ва фикрлар илгари сурилган? Бу ҳақда мақолани ўқиб билиб оласиз.

6. Қуёшнинг олтинранг шуъласи асад шамолидан сарғайган шода-шода узумлар доналарида аксланади. Узоқроқ термилиб қолсангиз, гўё ишкомдан нур ёғаётгандек ёки новвот томчилаётгандек тасаввур уйғотади...

Олтиариқ узумчилиги ҳақидаги «Ер узум, осмон узум...» сарлавҳали мақолани мутолаа қилсангиз, кўз олдингизда ушбу гўзал манзара жонланиши турган гап. Шу билан бирга, олтиариқлик бободеҳқонларнинг тажрибаси, мақсад ва интилишларидан хабардор бўлишни истасангиз, ушбу мақолани ўқишни тавсия қиламиз.

7. «Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?»

Ушбу сарлавҳа остида чоп этилган мақолада Жаҳон савдо ташкилотининг мақсад ва вазифалари, унга аъзо бўлиб киришнинг шартлари ҳамда аҳамияти таҳлил қилинган. Жумладан, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга киришига бугунги кунда қандай муаммо ва тўсиқлар мавжуд? Уларни бартараф этиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? ЖСТга аъзолик мамлакатимизга нима беради? Мақолани ўқиш асносида шу каби саволларга жавоб топасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер