Халқ қабулхоналари фуқароларнинг энг ишончли манзилига айланди
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан халқ билан мулоқот тизимига янгича асос солиниши ҳамюртларимизнинг узоқ йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган муаммоларининг ижобий ечимини таъминлаш ва халқ турмуш шароитининг тубдан яхшиланишига сабаб бўлди. Айниқса, Президент виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари фуқароларнинг энг ишончли манзилига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти номига Избоскан туман Халқ қабулхонаси орқали туманда истиқомат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан жорий йилнинг 11 ойи мобайнида 1116 та масалалардаги мурожаатлар келиб тушганлиги ҳам бунга мисолдир. Сўровларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилиб, қолган қисми юзасидан ҳуқуқий муносабат билдирилганлиги эса мурожаатларга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Тан олиш керак, авваллари, ҳамюртларимиз шахсий мурожаатлари билан юзланиб, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ечишда амалий ёрдам сўрардилар. Ҳудудларда инфратузилма ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ишлар натижасида бугун уларнинг сўровлари кўлами ҳам кенгайиб, эндиликда кўпроқ жамоатчилик фикрини акс эттирмоқда. Яъни энди улар ўзларининг эмас, ўзгаларнинг ташвишларини аритиш истагидалар. Мисол учун, “Ўрта қишлоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Ҳусанбой ота Орифжоновни олайлик.
— “Анорзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Тентаксой” дарёси устидаги кўприк 1968 йилда катта сел келиши туфайли ювилиб кетганди, — дейди отахон мурожаат чоғида. — Натижада ундан фойдаланиш аянчли аҳволга келиб қолди. Икки қишлоқни бир-бирига боғлаб турувчи бу кўприкдан шу тариқа узоқ йиллар давомида фойдаланилмади. Бу борада ёрдам сўраб бормаган идорамиз қолмаган. Афсуски, натижа бўлмади. Ваҳоланки, у ҳар икки қишлоқда яшовчи 500 мингдан зиёд аҳолига қулайлик яратиб турганди.
Ниҳоят, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар самараси туфайли амалий ишларга киришилди. Қисқа муддат ичида узунлиги 73 метр ва эни 10 метр бўлган янги кўприк барпо этилди. Бунинг учун 6 млрд. 734 млн. сўмлик лойиҳа ишлари бажарилди. Энди у бир қанча километрлаб масофаларни яқинлаштирибгина қолмай, нафақат, аҳоли учун, балки транспорт воситаларига ҳам хизмат қила бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг фуқаролар давлат идораларига эмас, давлат идоралари фуқароларга хизмат қилиши керак, тамойили асосидаги топшириқларидан тегишли хулоса чиқарган қабулхонамиз вакиллари эндиликда ҳудудларда бўлиб, сайёр қабулларни ташкил этишни кундалик вазифасига айлантирди. Бу эса ҳамюртларимиз учун кўплаб имкониятларни яратди. Зеро, идораларга бориб, муаммосини айтишга ҳамма ҳам ботинолмайди. Шу боис биз ташкил этган сайёр қабуллар юзлаб маҳалладошларнинг сўровларига ижобий ечим топди. Бугина эмас, қабулхона томонидан ҳар бир хонадонда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказа ўтказаётганимиз ниҳоятда катта самара бермоқда. Натижада ҳатто тилга олинмаган мурожаатлар юзасидан ҳам ижобий натижаларга эришяпмиз.

Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига Избоскан туманида яшовчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган мурожаатларнинг аксарият қисмини меҳнат муносабатлари, иш билан таъминлаш, солиқ тизими, кадастр соҳасига оид муаммолар ташкил этмоқда. Хулоса қилиш мумкинки, ҳудудда ушбу йўналишларда бажарилиши муҳим бўлган вазифалар мавжуд. Бу эса келгуси фаолиятимизни ташкил этишда асосий йўналиш этиб белгиланади.
Ойбек МEЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Андижон вилояти Избоскан туманидаги
Халқ қабулхонаси мудири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг