Халқ пули давлат бюджетига ўтдими, у давлатнинг пулига айланади – Қашқадарё адлия бошқармаси бошлиғи
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси раҳбари Салоҳиддин Нуриевнинг фикрлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, халқ пули давлат бюджетига ўтса, у давлатнинг пулига айланади.
Қайд этилишича, 31 май куни бўлиб ўтган Қашқадарё вилояти Адлия бошқармасининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида блогерлардан бири давлат хизматчиларини ижтимоий тармоқлар орқали очиқ танқид қилинишига сабаб сифатида уларнинг халқ тўлаган солиқлардан ойлик олаётганини таъкидлайди.
«Солиқни ҳамма тўлайди, битта сиз эмас. Шу жумладан, ойлик олаётган одамнинг ўзига ҳам тўлаган солиғининг маълум бир қисми айланиб келади. Халқнинг мулки, халқнинг пули деган нарса бу давлат бюджетига ўтдими, давлатнинг пулига айланади ўз-ўзидан. У қанақа йўл билан шаклланиши иккинчи масала. Чунки унда ҳамма иштирок этади», деб жавоб беради Салоҳиддин Нуриев.
Адлия вазирлиги муносабат билдириб, ҳолат ўрганилаётганини, ўрганиш якунлари бўйича ҳолатга баҳо берилишини маълум қилди.
Шунингдек, давлат органлари ўз фаолиятида халқ олдида ҳисобдор экани Конституцияда белгилаб қўйилгани, шу жумладан, Адлия вазирлиги фаолияти жамоатчилик олдида қатъий ҳисобдорлик принципи асосида ташкил этилганини қайд этган.
«Ўзбекистон Конституциясига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
Барча фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари белгиланган тартибда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин», дейилади муносабатда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг