“Халқ прокуратураси”га айланиш — бош мезон

09:05 27 Май 2021 Жамият
1940 0

​​​​​​​Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

1977 йилда ташкил топган Қумқўрғон туманида 61 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларда 237 минг 300 нафар аҳоли истиқомат қилаётир. Сўнгги йилларда ушбу туман ҳам улкан ислоҳотлар марказига айланди, десак, муболаға эмас. Чунки бугун бу ерга ташриф буюрган одам амалга оширилган ишлар ва туб ислоҳотлардан ҳайратга тушиши турган гап.

Хўш, бу хайрли ишларга ким бош-қош бўляпти? Албатта, давлатимиз раҳбари. Президентимизга елкадош бўлиб, одамларни рози қилиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларга камарбаста бўлаётган — хоҳ у давлат хизматчиси, мансабдор шахс бўлсин, хоҳ оддий фуқаро бўлсин, муҳим улар жуда кўп.

Айни шулар хусусида сўз очилганда, уйма-уй юриб, одамларнинг дардини эшитаётган, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашаётган — 4 та сектор раҳбарлари кўз олдимизда гавдаланса, ажабмас.

Келинг, улардан бири — 2-сектор фаолиятини Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани прокуратураси мисолида баён қилсак.

Туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Шарофиддин Акрамов раҳбарлигидаги 2-секторга 11 та маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Уларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг барчаси сектор раҳбари эътиборида. Бунда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари”нинг юритилиши муҳим ўрин тутяпти.

Дастлаб сектордаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари билан биргаликда оғир вазиятга тушиб қолган 3 минг 199 нафар оила аъзоси бўлган 818 та оилалар танлаб олиниб, “темир дафтар"га киритилган. Шундан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар 442 та, пандемия оқибатида даромадини йўқотган 255 та, кам таъминланган 70 та, ногирон 35 та ва якка-ёлғиз (кекса) 16 тани ташкил этади.

Улар билан тизимли ишлашда 2-сектор ташаббусни қўлга олган, десак, хато бўлмайди.

— Сектор томонидан уларни қўллаб-қуватлаш, бу оғир аҳволдан чиқариш мақсадида турли ёрдамлар кўрсатиб келинди, — дейди Туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Шарофиддин Акрамов. — Аввало, мазкур оилаларнинг шарт-шароит ва имкониятлари батафсил ўрганилиб, натижасига кўра, 16 та оилага иссиқхона қуриб берилишида кўмаклашилди.

Шунингдек, 40 та оилага 40 бош йирик шохли чорва моллари, 1 та оилага 50 дона парранда, бир оилага ўзини-ўзи банд қилишлари учун 3 дона асалари қутилари олиб берилди. Темир дафтарга киритилган оилаларда яшовчи ишга жойлашишга муҳтож бўлган 436 нафар аъзолари ишга жойлаштирилди. Натижада “темир дафтар”га киритилган 785 та оила Халқ депутатлари туман Кенгаши қарорлари асосида камбағалликдан чиқаришга эришилди. Қолган 33 та оғир моддий қийинчиликка учраган оилалар алоҳида назоратга олиниб, доимий равишда улардан хабар олиб, уларнинг озиқ-овқат ва бошқа ижтимоий масалалари ҳал этиб келинмоқда.

Хўш, ёшлар масалалари қандай ҳал этилмоқда, дерсиз. Буям эътибордан четда эмас. Иккинчи секторда 7 минг 171 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, шундан 6 минг 628 нафар ёшларга анкета сўровномалари тўлдирилган бўлиб, 1 минг 376 нафари “ёшлар дафтари”га киритилган.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, йил бошидан буён жами 949 нафар ёшларга амалий ёрдам кўрсатилган. Шундан, 19 май ҳолатига ёшларнинг 197 нафари ишга жойлаштирилди, 51 нафарига 178 млн. сўмлик асбоб-ускуналар субсидия асосида ажратилди, 65 нафарига кредит ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этилди, 93 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 59 нафари тадбиркорларга бириктирилди, 40 нафари “устоз — шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 400 нафарига 100 гектар ер майдони ажратилди, 120 нафарининг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари ҳал этилди.

Бундан ташқари, 21 705 нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар мавжуд бўлиб, 6 121 нафар аёлларга анкета сўровномаси тўлдирилган, шундан 503 нафари “аёллар дафтари”га киритилган. Жорий йил бошидан буён жами 503 нафар аёлларга амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, сектор ҳудудида яшовчи 1-гуруҳ ногирони бўлган “аёллар дафтари”га рўйхатда турган 8 нафар аёлларнинг уй-жойини ҳомийлик асосида таъмирлаш ишларини олиб бориш учун тадбиркорлар бириктирилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туман прокурорининг ташаббуси билан “Боботоғ” маҳалласининг эски биноси тўлиқ таъмирланиб, ушбу бинонинг бўш хоналарига 20 нафарни “аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни тикувчилик ва тўқувчилик йўналишлари бўйича касиб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилди. Ўн нафар “аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга субсидия асосида бир сотихли иссиқхона қуриб берилди. Бу ўн нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, дегани.

Сектор фаолияти билан танишиш асносида туман прокурори ҳамроҳлигида “Боботоғ” маҳалласида яшаётган Майрам момо Маматқулова хонадонига ҳам ташриф буюрдик. Айни пайтда онахон келини Мақсуда Чориева ва яна набиралари билан биргаликда яшаб келмоқда.

Унинг мўъжазгина қилиб қурилган ҳовлисига кирар эканмиз, Майрам она формадаги прокурорни кўриб хурсанд бўлиб кетди. Буни унинг миннатдор гап-сўзларию, шошиб-пишиб олдига чиққанидан ҳам билиш қийин эмасди.

Демак, одамлар бугун прокурорларни жазога тортувчи деб эмас, балки одамларга кўмак берувчи, ҳақиқий маънода, “халқ прокуратураси”га айланиб бораётганидан далолатдир.

Онахон билан салом-аликдан сўнг ундан сўрайман:

— Момо яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими?

— Раҳмат болам. Яратганга шукур, соғ-саломат юрибмиз.

— Кайфиятларингиз қандай момо?

— Яхши. Бугун Президентимиз олиб бораётган сиёсатдан жудаям мамнунмиз. Мана, қаранг, уйимизнинг шундай чиройли ҳолатга келишида ҳам, аввало, давлатимиз раҳбари, қолаверса, туман прокурорининг ҳиссаси катта бўлди. Барака топсин. Уйимизнинг олдинги ҳолатини кўрганингизда эди, — дея чуқур хўрсиниб олади онахон.

Суҳбатимиз давомида онахон ўғлининг коронавирус сабаб вафот этиб, жуда қийналиб қолганини кўзига ёш олиб гапириб берди. Ана шундай пайтда 2-сектор раҳбари ҳар томонлама ёрдам берганини яшириб ўтирмади.

Ҳа, онахоннинг ўғли бу дунёни тарк этган бўлса-да, унинг ёнида тиргак бўлувчи Юртбоши, давлат хизматчилари турганини ҳис этиб яшамоқда. Улар туман прокурори фаолиятидан ҳам рози эканлигини билдирди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Худди шу маҳаллада асал етиштириш ишлари билан шуғулланиб келаётган фуқаро А.Чориевни “Janub asal ta`minot” оилавий корхонаси сифатида давлат рўйхатдан ўтказилиб, ўзига ўхшаган 5 нафар ёшларни оилавий корхонасига бириктириб бандлиги таъминланди.

“Ёшлар дафтари” бўйича ҳам икки оғиз сўз. “Нефтчилар” маҳалласида яшовчи “ёшлар дафтари”га киритилган Миролим Раимқуловга балиқчилик етиштириш фаолиятини йўлга қўйиш учун “Микрокредитбанк”нинг Қумқўрғон туман филиалидан имтиёзли 50 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. “Asil sulola Qumqo’rg’on” МЧЖ сифатида давлат рўйхатдан ўтказилиб, ушбу МЧЖга маҳалладаги 10 нафар ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида корпоратив асосида балиқ етиштириш фаолияти йўлга қўйилди.

Бунинг натижасида олинган даромадидан ўзини фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Тошкент нон ва ёғли патирларни” ишлаб чиқиш фаолиятини йўлга қўйиб, 4 нафар ёшларни ишга қабул қилиб уларни бандлигини таъминланди. Қолаверса, “Янги қишлоқ” маҳалласилик М. Турдиев ва Н. Мўминоваларга 30 млн. сўм банк кредити ажратилиб 4 сотих ер майдонига иссиқхона қуриб берилиб бандлиги таъминланди.

Сектор ҳудудида ўзлаштирилмаган яйлов ва қишлоқ хўжалигида фойданилмайдиган 10 га. ер майдонида 2 та ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил қилиниб, уларга 50 нафар ёшларга ҳар бирига 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Ваҳоланки, бу ерлар яйлов ерлари бўлиб, сув бўлмаганлиги сабабли қаровсиз ҳолатда ётган. Ҳозирда бу ерларга насослар ва томчилаб суғориш тизимлари ўрнатилиб, тўлиқ ўзлаштирилган ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилган.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буни туман прокурори ташаббуси билан 78 та янги тадбиркорлик субъектлари яратилгани ва натижада 158 та иш ўрини очилганидан ҳам билиш мумкин.

Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг фаолиятида мавжуд муаммоларни амалда ҳал этиш мақсадида тадбиркорлар билан ҳар ойда учрашувлар ташкил этилиб, уларда 340 та тадбиркорлар иштирок этиб, 2 нафарига ер майдони, 15 нафарига кредит ва 1 та бино ажратиш, 15 та коммуникация тармоғига улаш, 35 нафарига рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш масаласида амалий ёрдам берилган. Фаолиятини тўхтатган 17 тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланиб, 32 та иш ўринлари яратилди.

Ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати доимий ўрганиб борилиб, муаммоси борларига маҳаллий бюджет, ҳомийлар маблағлари ҳисобига ва ҳашар йўллари билан зарур ишлар бажарилган. Хусусан, бевосита сектор раҳбари ташаббуси ва аралашуви билан 1,100 км. ички йўллар асфалть қилинди, 43,1 км. йўлларга шағал ётқизилиб, таъмирланди, 182 та газ тақсимлаш қурилмалари таъмирланди, аҳолини маиший газ баллонга бўлган талабини қондириш мақсадида 180 дона газ балонлари берилди.

Шунингдек, эски трансформаторлар юқори кучланишли янги трансформаторларга алмаштирилди, Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2 дона сув минораси таъмирланди.

Бундан ташқари, битта мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаси жорий таъмирланди. Мисол учун, сектор ҳудудидаги “Арпапоя” маҳалласида жойлашган эски ва таъмирталаб аҳволдаги мактаб биноси ҳомийлик асосида қайта қурилиб, 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси сифатида фойдаланишга топширилди.

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер