Халқ фаровонлигини ошириш — пировард мақсад

20:06 25 Апрель 2024 Жамият
480 0

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг яхши яшашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш бугунги кун вазифаларидан энг муҳимидир. Шу маънода ушбу вазифага нафақат соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, балки кўплаб идора ва ташкилотлар жалб қилинган. Жумладан, прокуратура органлари тизими вакиллари ҳам ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда фаол иштирокчилардан, десак, муболаға эмас.

Хоразм вилояти прокуратураси томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш борасида маҳаллалар даражасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилгани фикримиз далилидир. Вилоятнинг Боғот туманидаги аҳоли сони 3 минг 955 нафар бўлган Тўпчи маҳалласида қишлоқ врачлик пункти мавжуд эмаслиги ва туман марказигача масофа 40 км.ни ташкил этиши сабабли аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти чекланган. Бу, ўз навбатида, айрим касалликлар сони ортиши, тиббий эҳтиёжманд бўлган 24 нафар руҳий касал (туман бўйича ушбу тоифадаги беморларнинг 40,6 фоизи), 5 нафар туғма юрак нуқсони бўлган болалар (19,2 фоиз), 514 нафар урологик (11,8 фоиз) ва 13 нафар онкологик касалликка чалинганларга (12,2 фоиз) қийинчиликлар келтириб чиқарган.

Шунингдек, маҳалладаги 273 нафар эҳтиёжманд оила ҳамда 400 нафарга яқин ташқи миграциядан қайтган шахсларни тиббий кўрикдан ўтишида доимий ноқулайликлар пайдо бўлган. Бу каби салбий ҳолатларни инобатга олиб, вилоят прокуратураси ташаббуси билан маҳалладаги эски (1980 йилларда қурилган) 120 қатновга мўлжалланган қишлоқ врачлик пункти биноси «ONA» жамоат фонди ва «Mirahmedov Foundation» жамоат фонди ҳомийлигида реконструкция қилиниб, 3 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Шифохонага 828 млн. сўмлик тиббий ускуналар (ЭКГ, УТТ, ЛОР, лаборатория аппарати, жарроҳлик, гинекология хонаси жиҳозлари) ва бошқа мебеллар харид қилиниб, ўрнатилди. Ушбу тадбир маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш ҳисобига юзага келадиган асоратларни олдини олиш имкониятини яратди ҳамда аҳолининг узоқ йиллардан бери қийнаётган масалани ҳал қилиш орқали уларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди.

Бундан ташқари, вилоятнинг тоза ичимлик суви билан таъминланмаган ўнта маҳалласида ҳомийлар ҳисобидан 818 млн. сўмлик сув тозалаш иншоотлари ўрнатилди. Жумладан, Боғот туманида Тўпчи маҳалласи, Гурланда Эсабий, Қўшкўпирда Незахос, Урганч туманида Янги ўртабоғ, Хива туманида Чанашиқ, Шовотда Бўстон ва Эшонқалъа, Янгиариқда Чиқирчи ҳамда Қоракўз ва Тупроққалъада Шарлауқ маҳалласида сув тозалаш иншоотлари барпо этилди. Бу мазкур маҳаллалардаги 9 минг 170 нафар аҳолини илк маротаба тоза ичимлик суви билан таъминлашга шароит яратди.

Албатта, бу борадаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер