Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси Навоий давлат университетида
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси Ғафур Алиев Навоий давлат университети ректори, профессор Муҳиддин Калонов билан учрашди.
Учрашув давомида университетда амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги иштироки муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, айни пайтда университетнинг бир қатор профессор-ўқитувчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлари сифатида самарали фаолият юритмоқда.
Суҳбат чоғида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вазифа ва функцияларини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда депутатлик масъулиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
— Шунингдек, суҳбатда мансабдор шахсларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши устидан депутатлик назоратини кучайтириш, депутатларни рағбатлантириш ва улар учун зарур моддий-техник шароитларни яхшилаш, маҳаллий Кенгашларга депутат бўлган профессор-ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди, — дейди М. Калонов. — Бу аҳолининг зиёли қатлами олдида турган масъулиятли вазифалардан бири.
Учрашувда таъкидландики, олий таълим муассасаларининг кўп минг сонли жамоаси катта ижтимоий куч ҳисобланади. Боиси вилоятдаги деярли ҳар бир оила олий таълим тизими билан бевосита ёки билвосита боғлиқ эканлиги эътироф этилди.
Мулоқотда депутатлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ҳудудлардаги долзарб масалаларни ҳал этиш имкониятлари кенг эканини таъкидланиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олдилар.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг