Хадича момонинг сабоғи
Фото: Халқ сўзи
Бухоро туманидаги «Работи қалмоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 9 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Боғ-роғлари, тиниб-тинчимас одамлари билан танилган бу гўшанинг кексалари ҳам ерга, томорқага меҳр қўйиш ортидан мўмай даромад топишмоқда. Шавкат ота Чориев билан Хадича момо уларнинг олд қаторида.
— Ҳовлида иссиқхона қуриб, қўшимча даромад топаётганимизга оз эмас, кўп эмас,ўттиз йилча бўлди, — дейди меҳнат фахрийси Хадича Аҳмедова. — Кам бўлмадик. Шукр, рўзғоримиз бут, ўзимизга тинчмиз. Уч ўғлимизнинг орзу-ҳавасини қилдик.
Онахон етмиш ёшни қоралаганига қарамай, уйда оёқ узатиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди. Ҳовлисидаги 2,5 сотихли иссиқхонадан кўнгил узолмайди. Ҳар туп кўчатга невараларини суйган каби меҳр беради. Парвариш қилади. Шавкат ота эса унга кўмакчи. Экинни томчилатиб суғоришни йўлга қўйишганига нима дейсиз?
— Ўтган йилда икковлон шу иссиқхонадан 27 миллион сўм ишлаб топдик, — давом этади Хадича момо. — Бу йил помидорнинг касалликка чидамли, серҳосил нави саналган «Чинто»дан салкам минг туп кўчат ўтқазганмиз. Мижозларимиз кун ора эшик қоқиб «Помидор пишиб етилдими?», деб ҳоли-жонимизга қўйишмаяпти.
Бу гал чол-кампир нисбатан арзон маҳсулот етиштиришмоқда. Чунки полиетилен плёнка қўш қават қилиб ёпилгани боис иссиқхонани иситишга эҳтиёж сезилмади. Ёнилғи тежалди.
— Биз томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга одатланганмиз, — дейди Шавкат ота. — Мана, супанинг четида ошқовоқ етиштиряпмиз. Иссиқхонада 40 туп лимон кўчати ҳам ўтқазганмиз. Ахир ҳамма нарса ўзингдан чиққанига нима етсин? Мен тоғни урса талқон қиладиган айрим ёшларимизнинг томорқага қарамай қўшишганини, қишлоқда яшаб туриб картошка-пиёзни бозордан сотиб олишаётганини кўрганимда жуда хафа бўламан. Ернинг ҳам уволи бор.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг