Келин нега ўзини ёқиб юборди?
...Ўшанда 2019 йилнинг 15 декабри эди. Айни тушки маҳал Ғиждувон туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини Урганжели қишлоғида яшовчи Садуллаевлар ҳовлиси бақир-чақирга тўлди. Бу хонадонни аввалдан билганлар «Яна қайнота-келин можароси бўлса керак-да», деб тахмин қилиши мумкин эди. Чиндан ҳам, бу худди шундай можаро эди. Аммо бу галгисини айтгани юрак ҳам дов бермайди. Келин бўлмиш Сабоҳат ошхонада турган елим идишдаги бензинни устига сепиб ўзини ёқиб юборди. Аёл бир лаҳза ичида аланга ичида қолди. Уйдагилар сув сепиб оловни ўчиришди. Сабоҳат зудлик билан шифохонага ётқизилди. Шўрлик беш кунча ўлим билан олишди. Охир-оқибат туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида вафот этди.
Хўш, Сабоҳат Ҳаққулова нега ўз жонига қасд қилди? Уни нима ёки ким шу даражага олиб келди? Бу саволларга сўраб-суриштирув, тергов жараёнида атрофлича жавоб олинди.
Келинг, ўша машъум 15 декабрь кунидаги бир кичик ҳолатни ёдга олайлик. Эрталаб, ҳамма нонуштага тўпланган. Аммо дастурхон устида хонадон соҳиби Комил Саъдуллаев ўғлини овқатланишга қўймасдан, унга ногирон эканлигини рўкач қилади. Қўлидан ҳеч иш келмаслигини, боқиманда эканлигини айтиб камситади. Шунда Сабоҳат турмуш ўртоғининг ёнини олиб, қайнотасига эътироз билдиради. Бундан тутақиб кетган Комил Саъдуллаев уни ҳам ҳақорат қилиб, жанжал кўтаради. Бу шусиз ҳам қийналиб, изтироб чекиб юрган келиннинг сабр-тоқатини тўлдириб юборади. Воқеаларнинг кейинги ривожи эса сизга маълум.
Ўрганиш кўрсатдики, қайнота бунга қадар ҳам Сабоҳатни камситиб, ҳақоратлаб келган ва ҳатто унга мушт кўтарган. ”Овқат пиширишни билмайсан”, "Нимага масаллиқни кўп ишлатасан" каби майда гап- сўзларни-ку қўйиб туринг, келинининг яқин қариндошлари билан учрашишига, бирор жойга ишлашига тўсқинлик қилиши, уни фоҳишаликда гумон этишини айтмайсизми?
Айнан шундай ҳақорат ва руҳий зарбалар туфайли Сабоҳат икки бор аразлаб онасиникига — Самарқанд вилоятига кетиб қолган. Уйига қайтгандан сўнг эса аҳвол зиғирча ўзгармаган. Қайнотанинг ҳақорату камситишлари давом этган. Ҳали ўн гулидан бири очилмаган, бир нафар норасида фарзанди бўлган шўрликнинг аянчи тақдирини ўйларкансиз, инсон шу қадар қабоҳатга борадими, деган хаёлга борасиз. Балки Сабоҳатнинг турмуш ўртоғи, қайнонаси, яқинлари ва ниҳоят, маҳалла- кўй бир бадкор қайнотани инсофга чақирганида, "Эй банда, кўзингни оч", деганида бу фожиа рўй бермасмиди”, деган ўйлар кўнгилдан кечади...
Яқинда жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судида судья Б. Умаров раислигида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Гувоҳларнинг сўзлари, кўрсатмалари эшитилди, тақдим қилинган далиллар атрофлича ўрганилди. Пировардида суд Саъдуллаев Комил Исматовични Ўзбекистон Республикаси ЖК 103-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли деб топди. Шу модда билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, унга 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг