Келгуси йилда Туркия билан ҳамкорлик янада кенгаяди

11:58 28 Декабрь 2023 Жамият
546 0

Шу йилнинг 25-26 декабрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда иштирок этиш учун Туркияга жўнаб кетган мамлакатимиз делегацияси таркибидан Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги соҳа масъуллари ҳам жой олди.

Ташриф давомида вазир Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа билан учрашув ўтказди.

Унда якунланиб бораётган 2023 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги тиббий ҳамкорлик сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий дунё тиббиёт конгресси ва Туркий давлатлар ташкилотининг соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилишида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинган эди.

Анжуман доирасида ташкил этилган Ўзбекистон – Туркия тиббиёт форумида кўплаб ўзаро манфаатли меморандум ва келишувларнинг имзолангани эса икки қардош мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишидан далолат беради.

Шу йил юртимизда Президентимиз ташаббуси билан очилган Ҳамширалар академиясида Соғлиқ билимлари университетининг “Ҳамширалик иши” факультетини фаолият бошлагани ҳам Ўзбекистон томонидан ҳурсандчилик билан қабул қилинди.

Мамлакатларимиз етакчи тиббиёт марказ ва клиникалари мутахассислари, тиббиёт олийгоҳлари профессор-ўқитувчилари ўртасидаги алмашинувлар ҳам ўзаро алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Мулоқот давомида келгуси йилда ушбу кенг кўламли ҳамкорликни рақамлаштириш, кадрларни тайёрлаш, фармацевтика, юқори технологик амалиётларни кенг жорий этиш, академик алмашинув, тиббий таълим каби қатор йўналишларда янада кенгайтириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер