Келажакни кимларнинг қўлига топширамиз?

21:10 21 Февраль 2022 Жамият
782 0

Фото: Иллюстратив фото

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси, навқирон авлод вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги вакили фаолияти йўлга қўйилганидан хабарингиз бор.

Қолаверса, бундан буён олий ўқув юртларида ёшлар масалалари, маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректорларга биринчи ўринбосар мақоми берилиши ҳам ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилганидан далолатдир. Чунки давр талабидан келиб чиқиб, талаба-ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш тақозо этилмоқда.

Бугун ижтимоий ҳаётимизда, айниқса, ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларнинг илдизини изласак, аксар ҳолларда биздаги лоқайдлик ва бепарволик кўникмалари катта хавф туғдираётгани гувоҳи бўляпмиз. Бундай иллатларга узил-кесил нуқта қўйиш учун эса нуронийлар таъсири, жамоатчилик назорати етишмаяпти. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида ҳар бир ҳудудга бой ҳаётий тажрибага эга профессор-ўқитувчилар, таниқли зиёлилар бириктирилгани айни муддао бўлди.

Худди шундай, Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали профессор-ўқитувчилари ҳам Фарғона вилояти Фурқат туманининг 34 маҳалласида ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга тарғибот ишларини амалга оширмоқдалар. Педагогик жамоа ҳамда иқтидорли талабаларнинг бу маҳаллаларда уюшмаган ёшлар учун спорт беллашувлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиши ажойиб анъанага айланиб улгурди.

Биз ўз уйимизда, оиламизда, маҳалламизда фарзандларимиз таълим-тарбиясига ҳамма нарсаданда кўпроқ эътибор қаратсак, эртанги кунимиздан хотиржам тортсак бўлади. Чунки эртамизни, келажагимизни юксак тафаккурли, кенг дунёқарашга эга ёшлар қўлига топшириш учун бугун биз ҳаракат қилмоғимиз, нажотни таълим-тарбиядан изламоғимиз керак.

Шарифжон ПЎЛАТОВ,

Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер