“Келажакка қадам” дастури доирасида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди

18:55 28 Январь 2026 Жамият
551 0

Сўнгги йилларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда замонавий касб ва кўникмаларни эгаллашига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда мамлакатимизда қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2025/2026-ўқув йили битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбир давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, ўз бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Келажакка қадам” маркази ва банк вакиллари томонидан талабаларга имтиёзли кредитлар бериш, уларни расмийлаштириш тартиблари, кредит олиш шартлари ва имкониятлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди. Талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Шунингдек, семинар доирасида Teach for Uzbekistan NNM фаолияти, ташкилотнинг ёшлар билан ишлаш йўналишлари, таълим сифатини оширишга қаратилган лойиҳалари ва келгусидаги режалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир ёшларнинг келажакдаги касбий фаолиятини тўғри режалаштириш, бандлик масалаларида ҳуқуқий ва амалий билимларини ошириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер