Кексалари эъзозланган юрт

12:19 08 Июнь 2023 Жамият
1074 0

Архив сурат

Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган қадимий нақл бор. Бу ҳикмат, албатта, бежиз айтилмаган. Кўпни кўрган, ҳаётнинг оқу қорасини таниган, тажрибали, оқил ва доно кексалар бор уйда, дарҳақиқат, файз-барака, тўкин дастурхон, тотувлик ва хотиржамлик бўлади. Кексалари эъзозланган, қадрланган, иззат-ҳурмат қилинган жамиятда ҳам тинчлик-осойишталик, тараққиёт, фаровон ҳаёт қарор топади.

Шу боис мамлакатимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш ва қўллаб-қувватлаш баробарида уларнинг ҳаёт тажрибаси, панд-ўгитларидан ёш авлодда меҳр-оқибат туйғуларини уйғотиш, уларни миллий қадриятларимиз ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, йигит-қизларимизни фойдали илм ҳамда ҳунар эгаллашга даъват этишда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, ўтган йилда нуронийлар ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиб, ўтказилган маданий маърифий тадбирлар натижасида 155 мингга яқин профилактик ҳисобда турган ёшлар соғлом турмуш тарзига қайтарилган, 22 мингдан ортиқ оилалар ажрими олди олиниб, 3 мингдан ортиқ нотинч оилаларни яраштиришга эришилган.

Жорий йил 11 мартда “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ҳамда шу йил 28 мартдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган Тараққиёт стратегиясида жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш, жумладан, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Нуронийларимизга давлатимиз раҳбари раҳнамолигида доимий равишда эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Маълумотларга қараганда, ўтган йилда 965 минг нафар нуроний бепул тиббий кўрикдан ўтказилган, 23 минг нафар нуроний дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланган, 21 мингдан ортиқ нуронийлар санаторийларда соғломлаштирилди, 19 минг нафари реабилитация техник воситалари билан таъминланди, 118 минг нафар нуронийларга бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди, 221 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва якка ёлғиз кексаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, 1 миллиондан ортиқ нуронийлар учун мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 3 миллиондан зиёд кекса авлод вакиллари бор. Нуронийларимиз, табиийки, эътибор, ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга доимий равишда эҳтиёж сезади. Давлатимиз раҳбари қабул қилган “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ҳам айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш борасида бир қатор аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган.

Президент қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари тегишлича “Нуроний” жамғармаси бўлимлари Васийлик кенгашлари раиси саналади. Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари эса “Кексалар маслаҳати” гуруҳига раислик қилади.

“Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) бўлими раҳбарларига бир вақтнинг ўзида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчиси мақоми берилади. “Нуроний” жамғармасининг ташкилий тузилмаси, марказий аппарати, ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари тузилмалари Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда унинг раиси томонидан тасдиқланади.

Бундан ташқари, шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Нуроний” жамғармасини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан жамғармага давлат субсидияси ажратиш тизими жорий этилади.

Президент қарорида кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унинг асосида энди “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ маҳаллалардаги ёшлар етакчилари “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхатлар асосида ўн нафар уюшмаган ва муаммоли ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилади. Бундан ташқари бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, ҳунарманд, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари бўлган нуронийлар эса ҳудудлардаги барча таълим муассасаларига жалб этилади.

Шунингдек, оилалардаги аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг асосида муаммоли оилаларнинг ҳар бирига “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг бир нафардан аъзоси бириктирилади. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили ҳамда “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида фаолият олиб борган ва ижобий натижаларга эришган нуронийлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мунтазам равишда рағбатлантириб борилади.

Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари нуронийларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид қонунчилик ҳужжатлари, Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг сунъий оширилиши ҳамда мактаблардаги ўқувчилар давомати, тадбиркорлик фаолияти, бандлик, томорқадан фойдаланиш ва бошқа йўналишлардаги муаммоларининг ҳал этилиши, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида олиб борилаётган ишлар ҳамда мактабгача ва мактаб таълими тизими муассасаларида “Иккита тил ва бир касб” тамойили асосида олиб борилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлиги устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.

Қарорда “Нуроний” жамғармасининг Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жамғарма улар билан ҳамкорликда фахрий нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар ўртасида “Уч авлод учрашуви” тадбирларини ташкил этади.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз матонати билан эришаётган ютуқлари, жамиятдаги ўрни ҳамда ибратли ҳаётини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида касб-ҳунарга эга бўлмаган, ишсиз ва уюшмаган ёшлар билан юқори натижаларга эришган спортчилар, фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда паралимпия спорт мусобақалари совриндорлари ўртасида “Матонат ва жасорат” тадбирлари ўтказиб борилади.

“Нуроний” жамғармаси қонунчиликка мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланади. Жамғарма маблағлари ҳисобидан сотиб олиниб, “Нуроний-сайёҳ» МЧЖга берилган 2 та автобусдан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланилади. Унинг воситасида кексаларнинг диққатга сазовор жойларга сайёҳлик сафарлари ташкил этилади.

Қарорда “Нуроний” жамғармаси фаолиятини жадаллаштиришга доир устувор йўналишлар белгиланди, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида қўшимча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик, шукроналик, меҳнатсеварлик, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини жорий этиш орқали нуронийларнинг катта ҳаётий тажрибасидан кенг ва самарали фойдаланилиш, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, корхона ва ташкилотлардаги Фахрийлар кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уруш орти меҳнат фахрийлари ва ўзгалар парваришига муҳтож бўлган якка-ёлғиз нуронийлар ҳамда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ҳолидан доимий хабар олиш тизимини ташкил қилиш жамғарма фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, жамғарма ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлашда кўмаклашади, нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Нуронийлар маскани” мажмуалари ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, кексаларга тизимли равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитларни яратиб бориш, фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, тадбиркорлик ва ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган бой ҳаётий ва касбий малакага эга бўлган фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бош-қош бўлади.

Президент қарори асосида яратилаётган бундай кенг кўламли шарт-шароит ва имкониятлар, ўз навбатида, “Нуроний” жамғармаси зиммасига улкан масъулият юклайди. Унда белгиланган чора ва тадбирлар фаолиятимизни янада кенгайтириш, белгиланган мақсад ва вазифаларимизни ўз вақтида ва тўлақонли бажаришимизни тақозо этади.

Н. МУСАЕВА,

“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви

бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер