Кегейлида Андижон тажрибаси. Бу амалда қандай натижа беради?
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга оид кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу хайрли ишда андижонлик бир гуруҳ фермер ва тадбиркорлар ҳам муносиб иштирок этяптилар. Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, ҳозирда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Кегейли туманида бўлиб турибди.
Айтиш жоиз, андижонлик тадбиркорлар ушбу туманда 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўмга тенг 23 та лойиҳани амалга оширишга киришдилар. Лойиҳалар босқичма-босқич фойдаланишга топширилиши натижасида Кегейлида 1 минг 700 та иш ўрни яратилади. «Сабо ҳамкор» МЧЖ томонидан эса «Nethouse» замонавий ёзги иссиқхона ва логистика маркази барпо этилмоқда. 5 миллиард сўм маблағ эвазига бир вақтнинг ўзида 150 китобхонга хизмат кўрсатувчи кутубхонанинг қурилиши ҳам аҳамиятли, албатта.
Андижон вилоят ҳокими Кегейлининг Халқобод маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан танишди. Ҳозирда ушбу ҳудуддаги оилаларга Андижондаги "Munavvaroy Agro Klaster" МЧЖ томонидан тухумга кирган 2 мингта товуқ тарқатилди. Келгусида яна 8 минг бош товуқ етказилиши режалаштирилган. Кластер ходимлари томонидан товуқларни парваришлаш тартиблари ўргатилиб, озуқаси етказиб берилмоқда. Ветеринар хизмати ҳам йўлга қўйилган. Кегейлиликлар хонадонида етиштирган тухумларни кластернинг ўзига сотиш орқали даромад манбаига эга бўлмоқда.

Маълумки, Андижон вилоятида уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Халқобод маҳалласида ҳам бу тажрибани қўллаш мақсадида хонадонларга ишкомлар, кичик иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Андижонлик тадбиркорлар томонидан касаначилик кўргазмаси ташкил этилиб, шу орқали аҳолини ҳунармандчиликка ўргатиш чораси кўриляпти.
Қорақалпоғистон Республикасида экологик муҳитни яхшилаш энг долзарб масалалардан биридир. Шу боис Андижон вилояти фаоллари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Кегейлини яшил ҳудудга айлантириш жараёнида бош-қош бўлмоқдалар. Улар томонидан 200 минг туп терак ҳамда 10 минг туп тут дарахти кўчатлари ўтқазиляпти.
Андижон вилояти ҳокими Кегейли туманида иқтисодий-ижтимоий вазиятни янада яхшилашга хизмат қилувчи янги лойиҳалар билан ҳам танишиб, уларни рўёбга чиқариш чора-тадбирлари юзасидан тадбиркорлар билан ўзаро фикрлашди. Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонга водий нафасини олиб кириш учун барча чоралари кўриляпти.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг