Кечирим ва қайта туғилиш ёхуд афв этилганлар тақдирида янги саҳифа
Фарзанди йўлига кўз тикиб яшаган фарғоналик Зумрадхон Ҳамроеванинг қалбига ниҳоят ёруғлик кирди. Она тунларни тонгга улаб ўғлини кутди. Ҳар эшик тақиллаганда, ҳар қадам овозида юраги ҳаприқар, «балки келгандир» деган умид билан яшарди. Бугун эса унинг кўзларида қувонч ёшлари. Чунки ўғли Бобур озодликка чиқиб, оила бағрига қайтди. Бу нафақат бир онанинг, балки беш нафар фарзанднинг ҳам бахти эди. Энди улар отасининг бағрида улғаяди, ҳар тонг бир дастурхон атрофида жам бўлади. Бу оддий ҳолат эмас, балки узоқ кутилган бахт.
Бу бир оиланинг эмас, юзлаб хонадонларнинг кечинмаси. Давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик сиёсати туфайли 392 нафар шахс озодликка чиқиб, ўз оилалари бағрига қайтди. Бу рақам ортида эса юзлаб болаларнинг кулгиси, ота-оналарнинг дуоси, дўсту биродарларининг шодлиги мужассам.
Яқинда юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ҳайити арафасида қабул қилинган афв фармони халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик каби фазилатларнинг амалий ифодаси бўлди. Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган шахсларга яна бир имконият берилди. Бу қарор жамиятда адолат билан бирга меҳр-шафқат ҳам устувор эканини кўрсатди.

Афв этилганлар орасида турли тақдир эгалари бор. Жумладан, жомбойлик Насиба Жавканова ҳам ана шундай имкониятга эга бўлганлардан. 21 ёшли аёл беш йиллик жазони ўтар экан, ҳар куни ўз хатоларини ўйлаб, пушаймонликда яшади. Унинг сўзларида ҳаётнинг қаттиқ сабоғи яққол сезилади. Бугун у тенгдошларига мурожаат қилиб, ҳаётда хатога йўл қўймаслик, ота-онани қадрлаш кераклигини таъкидлайди. «Қамоқ ҳаёти эркинликка тенг келмайди.», дейди у.
Бобур Ҳамроевнинг тақдири эса алоҳида ибрат. Олий маълумотли ўқитувчи бўлган Бобур биргина нотўғри қарори сабаб олти йилдан зиёд умрини панжара ортида ўтказди. Осон пул топиш истаги унинг ҳаётини издан чиқарди. Беш нафар фарзандининг тақдири, ота-онасининг дарди унинг қалбида оғир из қолдирди. Бугун эса у озодликда, фарзандлари бағрида. Озодликка чиқиш унинг учун янги ҳаёт саҳифаси, янги имконият демак.
Унинг онаси Зумрадхон Ҳамроеванинг кўзларида шукроналик ёшлари. Унинг хонадонидаги беш нафар бола энди отасининг меҳрида улғаяди.

Самарқандда ҳам 12 нафар маҳкум афв этилди. Бу ердан озодликка чиқиш қанча бир оиланинг тикланиши, бир умиднинг қайта уйғониши демакдир. Шунингдек, фарғоналик Акмал Аҳмаджонов ҳам афв этилганлар сафида. У 15 йилга ҳукм қилинган бўлса-да, қамоқда ўтган саккиз йиллик умри унинг қалбини ўзгартирди. Онасининг ҳар галги ташрифи, насиҳатлари унга куч бағишлади. У бир неча бор афв сўраб муҳтарам Президентимизга мактуб йўллади ва ниҳоят унинг умиди ушалди.
Ҳаяжондан нафаси бўғзига тиқилганча сўзлаган онаси Инобат ая — Ўғлингиз афв этилди дейишганда ўзимни йўқотиб қўйдим. Хонадоним тўлди, — дейди. Бу сўзларда она қалбининг барча изтироби ва қувончи мужассам.
Фарғонадаги тергов ҳибсхонасидан ҳам уч нафар маҳбус озод этилди. Улардан бири Абдуқодир Абдусаматов эди. Тошкент давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган ёш йигит нотўғри муҳит таъсирида адашиб қолади. Олти ойлик қамоқ унинг ҳаётига катта сабоқ бўлди. У энди ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарайди.

Раҳмат ака ва Юнусали Деҳқонов каби инсонлар ҳам озодликка чиқди. Раҳмат ака набирали бўлганини қамоқда эшитган, бугун эса уни бағрига босиш бахтига эришди. Юнусали эса иккинчи фарзанди туғилган пайтда озодликдан маҳрум эди. Энди улар учун ҳаёт янги маъно касб этмоқда.
Қорақалпоғистонда ҳам афв ижроси таъминланди. Бу борада масъуллар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
— Ҳурматли Президентимиз фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида жами 12 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг тўрт нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган бўлса, яна саккиз нафари пробация назорати остида жазо ўтаётган шахслар ҳисобланади, — дейди Нукус шаҳар ИИБ ЖҲҲ пробация гуруҳи катта инспектори Адилбек Хожамуратов. — Айни пайтда уларни жамиятга мослаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда бир марталик моддий ёрдам ажратиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Наманганда эса афв этилганлар билан учрашув ўтказилди. Уларнинг яшаш шароити, иш билан таъминланиши, соғлиғи ўрганилди. Таклиф ва мурожаатларига жойида ечим топилди. Бу каби ишлар инсонни жамиятга қайта мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Темир панжара ортида ўтган кунлар инсонга эркинлик қадрини чуқур англатади. Илгари оддийдек туюлган оилавий давра, дўстлар суҳбати, тинч ҳаёт — буларнинг барчаси беқиёс неъмат экани шу ерда англашилади.
Афв фармони инсон тақдирини ўзгартирувчи, оилаларни бирлаштирувчи, умид уйғотувчи, инсонпарварликни улуғловчи қадрият қомусидир. Хатолардан ҳоли инсон йўқ. Аммо кечириш, ишонч билдириш орқали инсонни тўғри йўлга қайтариш жамият тараққиётининг муҳим шартидир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг