Кавракни саноат усулида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш ҳажми ошади
Дунё миқёсида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг тахминан 50 фоизи доривор ўсимликлардан тайёрланади. Мамлакатимизда ҳам доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ экспортбоп ва юқори қийматга эга ҳисобланган кавракдан назоратсиз, режасиз ва нотўғри фойдаланилаётгани туфайли бу доривор ўсимликнинг табиий тарқалган майдонлар борган сари қисқармоқда. Юртимизда 2015 йилда 54 минг гектар ер майдонида каврак ўсган бўлса, ҳозирда бу майдон 13,5 минг гектарга қисқарган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда алоҳида таъкидланди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугун ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам кавракка бўлган талаб ошиб бораётгани боис, бу ўсимликни маданий усулда кўпайтириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш заруратини туғдиряпти. Қолаверса, мамлакатимизда ушбу ўсимликнинг тақдири ҳам хавф остида турибди.
Фракция аъзоси Шерзод Раҳимовнинг айтишича, ҳозирги кунда республикамизда ёввойи ҳолда ўсувчи кавракнинг табиий захираларини сақлаб қолиш, уларнинг тикланишини таъминлаш, кавракнинг маданий плантацияларини яратиш, шунингдек, ипакчиликни янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур қонун билан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига унинг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерларида ўсадиган ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигидан махсус фойдаланиш ҳамда уни Ўзбекистондан олиб чиқиш учун рухсатнома бериш ваколати назарда тутувчи ўзгартишлар киритиляпти.
Шунингдек, Солиқ кодексига Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси субъектларда фаолиятни амалга ошираётган мавсумий ишчилар томонидан 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича ижтимоий солиқ тўланишини, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг ипак қурти уруғини ва пиллани етиштиришдан, пиллани қайта ишлашдан, тайёр ипак маҳсулотлари ва ипакчилик тармоғи учун ёрдамчи материаллар (пилла ўраш учун сунъий тутқичлар) ишлаб чиқаришдан олинган даромадлари айланмадан олинадиган солиқ тўловидан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, ушбу ҳужжат республикамиздаги ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигининг табиий захираларидан оқилона фойдаланилишини ва уларнинг тикланишини таъминлашга, кавракни саноат усулида қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
Қизғин бахс-мунозаралар, савол-жавоб ва тортишувлардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг