Каттақўрғондаги портлаш қурбонлари сони ошди

12:31 12 Апрель 2020 Жамият
1125 0

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида рўй берган портлаш оқибатлари бўйича қўшимча маълумот берди.

12 апрель куни тонгда Каттақўрғон шаҳри Гўзалкент маҳалласидаги икки қаватли уйлардан бирида ис гази чақнаши оқибатида бинонинг бир қисми ўпирилиб, уйда яшовчилар харобалар остида қолган.

ФВВ матбуот хизмати хабар беришича, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарни ташкил этмоқда, яна 4 киши турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодисадан жабрланганларнинг барчаси ушбу уйда яшовчилар бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага уйнинг биринчи қаватидаги квартирада ис гази сизиб чиқиши оқибатида портлаш рўй бериши сабаб бўлган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тузилмалар ходимлари ҳудудда қутқарув ишларини олиб боришмоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов воқеа жойига етиб борган. Портлашдан зарар кўрган хонадонлар эвакуация қилинган.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Каттақўрғонда икки қаватли уйдаги портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер