Каттақўрғондаги экомактаб ҳақида эшитганмисиз?

12:46 21 Февраль 2022 Жамият
967 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда эко-таълимни ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси борасида масъулиятли авлодни тарбиялашни мақсад қилган “Zamin” фондининг “Zamin Eco-Education” лойиҳасида Каттақўрғон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби муваффақиятли иштирок этиб, Самарқанд вилоятидаги 1200 дан ортиқ мактаблар ичидан мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

Шу тариқа мазкур ўқув масканида фонд томонидан замонавий экологик иссиқхона ташкил этилиб, керакли ускуналар билан таъминланди. Айни пайтда мазкур иссиқхонада ёш эко-волонтёрлар 50 турдан ортиқ ноёб гул ва ўсимликларни парваришлаш ишларини бошлаб юборган. Мактаб ҳудудида эса махсус чиқинди қутиларининг ўрнатилиши яна бир аҳамиятли жиҳатдир. Эндиликда чиқиндилар ўқувчилар томонидан саралаб ташланади ва бу сараланган чиқиндилар иккиламчи маҳсулотларни қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларига топширилади.

Дарвоқе, лойиҳада қўлга киритилган грант эвазига мактабдаги ҳар бир синф хонасига сув жўмрагини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шунингдек, умумтаълим муассасаси ҳудудидаги 132 туп мевали ва манзарали, бутасимон дарахтлар махсус рақамлаштириб чиқилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида бу ерда юз тупга яқин кўчатлар экилган бўлса, яна 200 туп кўчатлар экиш учун шай қилиб қўйилган.

Бугун таълим масканида эко-волонтёрлар ўз тенгдошларида она табиатни севиш ва унинг неъматларини ардоқлаш кўникмасини уйғотиш мақсадида «Ҳар бир ўқувчининг ўз гули», «Ҳар ойнинг охирги шанбаси — ичимлик сувини тежаш куни» каби лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер