Каттақўрғон шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси тасарруфида яна бир касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Марказнинг тантанали очилиш тадбирида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умрзоқов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, шаҳар ва туман ҳокимлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, бундай марказларни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад нафақат ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиб, сертификат бериш, балки уларни меҳнат бозорида рақобатбардош касбни ўзлаштирган, юқори малакали мутахассис сифатида етиштириб чиқаришдир.

Ушбу замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш марказининг қурилиш бунёдкорлик ишларига 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу ерда Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Нуробод туманларининг ишсиз фуқаролари касб-ҳунарга ўқитилади.

Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мазкур марказда фуқароларни 30 та касб ва чет тилларга ўқитиш орқали мутахассислар тайёрланади. Мономарказда ишсиз фуқаролар 16 та хизмат кўрсатиш, 8 та техник, 4 та қишлоқ хўжалиги ва 2 та рақамли технология йўналиши, шунингдек 4 та хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади.

Марказ бир вақтнинг ўзида 500 нафар ўқувчини қамраб олиш имкониятига эга. Йиллик қуввати 2000 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, касбларнинг мураккаблик даражаси асосида ишлаб чиқиладиган ўқув дастурларига мувофиқ ўқитиш даври 2 ойдан 6 ойгача бўлади.

Битирувчиларга эгаллаган билимларига қараб меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган сертификат берилади.

Ушбу марказ фаолиятини йўлга қўйилиши вилоятдаги ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга, келгусида ҳаётда ўз ўрниларини топишларига хизмат қилади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг