Катта стратегиянинг асосий бўғини

10:10 28 Март 2018 Сиёсат
1766 0

Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида ўтказилган халқаро конференция якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари журналистлар билан учрашиб, нуфузли форумнинг натижалари ҳақида ахборот берди.

Салоҳуддин РАББОНИЙ,
Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири:

— Афғонистонда ўтказилган “Кобул жараёни”дан бир ой ўтиб Тошкент конференцияси бўлиб ўтди. Ишонамизки, минтақавий консенсус мамлакатимизда тинчликни қарор топтириш ғоясини кўзлайди. Биз осойишталикка эришишимиз учун барча имкониятдан унумли фойдаланишимиз керак. Ўзбекистонлик дўстларимизга наркотрафик, терроризм муаммоларини ҳал қилишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирамиз. Зеро, бу долзарб масалалар нафақат афғонларга, балки бутун минтақага тааллуқлидир. Шунинг учун биргаликда таъсирчан саъй-ҳаракатларни олиб бориш талаб қилинади. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, Афғонистоннинг дўстлари иштирокида ўтказилган Тошкент конференцияси афғон халқини қўллаб-қувватлаш, минтақада барқарорликни таъминлаш йўлидаги кучли чақириқ бўлди. Ўзбекистон халқи ва ҳукумати билан биргаликда иш олиб борганимиз учун миннатдорлик билдираман. Афғонистон Президенти Ашраф ўанининг Ўзбекистонга ташрифи ва унда имзоланган 20 та шартнома, ўнлаб тижорат битимлари бизни бир-биримизга янада яқинлаштиради. Ва албатта, хавфсизлик ҳамкорлигимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланади.

Абдулазиз КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:

— Биз жуда муҳим сиёсий воқеага гувоҳ бўлдик. Форум кун тартибида замонамизнинг энг ўткир муаммоларидан бири — хавфсизлик масаласи турган эди. Бу муаммо шунчаликка бордики, уни ҳал қилишимиз керак. Акс ҳолда, у бутунлай чуқурлашиб кетиши мумкин. 

Афғонистонда қарийб 40 йилдан бери уруш давом этмоқда, бу урушда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ, оддий одамлар қийналмоқда. Бошқа тарафдан, қўшни мамлакатда тинчлик жараёнини бошлаш учун нисбатан қулай давр келаяпти.

Тошкент декларацияси афғон масаласини ҳал қилишда бизнинг якдиллигимизни кўрсатди. Яъни халқаро ҳамжамият урушдан, зўравонликдан чарчаган. Барчамиз халқларимиз тинчлигини, тараққиётини кўришни истаймиз. Декларацияда юзага келган вазият қайд этилиб, афғон инқирозини ҳал қилишнинг аниқ йўллари таклиф қилинди. Бирор-бир дастлабки шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш унда илгари сурилган таклифларнинг асосини ташкил қилади. Авваламбор, барчамиз Афғонистонда вазиятни ўнглаш учун бу уларнинг ички иши эканлигини, афғонлар музокараларни қандай ўтказишни ёки қандай шаклда олиб боришни ўзлари ҳал қилиши лозимлигини теран тушунишимиз керак. Шундай бўлса-да, жуда кўп нарса ташқи кучларга ҳам боғлиқ. Афғонистон тарафи фикрича, кимдир бу жараёнда иштирок этмоқчи бўлса, албатта, марказий, яъни қонуний ҳукумат билан музокара ўтказиши керак. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Афғонистон Ўзбекистонга нечоғли яқинлигини таъкидлади. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ, деди давлатимиз раҳбари. Афғонистоннинг дарди бизнинг дардимиз. Бу мамлакат инсоният тарихида халқаро ҳамжамият ҳал қилишга қодир бўлмаган мамлакат сифатида қолмаслиги керак. Бир вақтнинг ўзида хавфсизлик учун шарт-шароитлар яратиш ва айни пайтда Афғонистондан йироқроқ юришнинг иложи йўқ. Президентимиз Ўзбекистон бугунги кунда Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари қамраб олинди. Давлатимиз раҳбари Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро фонд ташкил этишни таклиф қилди.
Конференцияда Марказий Осиё дўстлик минтақасига айланиши кераклиги, рақобатга йўл қўйиб бўлмаслиги қайд этилди. Ана шундагина биз умумий Марказий Осиё уйимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлай оламиз. 

Тошкент конференцияси улкан саъй-ҳаракатлар самараси, биз уни минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича катта стратегиянинг бир қисми сифатида кўраяпмиз.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер