Катта миқдордаги истеъмолга яроқсиз алкоголь ва тамаки «осмондан» тушдими?

15:11 19 Июнь 2024 Жамият
593 0

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг саъйи ҳаракатлари билан Самарқанда, Андижон ва Наманган вилоятларида истеъмолга яроқсиз алкоголь, рангли принтерда тайёрланган акциз маркалар ва тамаки маҳсулотлари фош қилиниб, ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Бу ҳақда департаментнинг ахборот хизмати маълум қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «E.R.» хусусий фирмасининг савдо дўконида умумий баҳоси 199,5 млн сўмлик ҳеч қандай ҳужжатсиз 40 турдаги 5 433 дона алкоголь ҳамда 13 турдаги 1440 қути тамаки маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Андижон вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тадбирда эса Шаҳрихон туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Б.Н.нинг савдо дўкони ва ёрдамчи хўжалигидан 27 турдаги жами 735 дона алкоголь ва 377 қути тамаки маҳсулотлари ҳамда 4656 дона рангли принтерда тайёрланган акциз маркалар топилди.

Яна бир ҳолат Наманган вилоятининг Давлатобод ва Косонсой туманида фош қилинди. «Ч.Г.» МЧЖ ҳамда «М.У.» хусусий корхонасига қарашли алкоголь маҳсулотлари савдо дўконидан жами 190 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини билдирди.

Департаментнинг тез-тез бундай ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ушланиши қувонарли ҳол, албатта. Шунга қарамасдан, битта савол пайдо бўлади. Катта миқдордаги истеъмолга яроқсиз алкоголь ва тамаки «осмондан» тушдими?

Масалан, июн ойининг бошидан бери 31 минг 987 дона алкоголь маҳсулоти акциз маркаларисиз сотувга чиқарилишининг олди олинди. Бу департаментнинг хушёрлигидан далолат беради, аммо шунча акциз маркаларисиз алкоголь қаердан пайдо бўлди?

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоятлардаги истеъмолга яроқсиз алкоголь, сохта акциз маркалар ва тамаки маҳсулотлари фош қилиши натижалар билан курашнинг кўринишидир. Ушбу яроқсиз алкоголь маҳсулотларини тайёрлаш жойларини фош қилиш, чегарадан ўтаётганда тўхтатиб қолиш кўпроқ натижалар олиб келиши мумкин.

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-84 сон, 03.06.2024 й.) қабул қилингач ишлар жадаллашди. Хусусан, фармонга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (Инспекция) ташкил этилиши белгиланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер