Касбим шарафидан фахрландим
Юксак мукофот – “Шуҳрат” медали кўксимга тақилганда ўқитувчилик касби нақадар шарафли эканини яна бир бор ҳис қилдим. Шу билан бирга, беихтиёр ушбу улкан эътирофга муносиб топилган камтарона меҳнат фаолиятимни хаёлан сарҳисоб қилдим.
Физика фанидан дарс бераётганимга 25 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида ўқувчиларга сифатли ва самарали сабоқ беришга интилиш билан бирга, ўз йўналишимда янгиликлар яратишга, таълимда ижодкор бўлишга ҳаракат қилиб келяпман. Жумладан “Физика дарсларида ҳаётий мисоллар ва кундалик турмушда учрайдиган фанга тегишли муаммоларни тушунтириш орқали самарадорликни ошириш” методидан самарали фойдаланишим ўз натижасини берди. Айни ҳаётий мисоллар туфайли ўқувчиларнинг физикага оид билимларни ўзлаштириш самарадорлиги юқори бўлмоқда. Зеро, минг эшитгандан бир кўрган афзал деган нақл айни дарс жараёнларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Натижада, мактабимиз юқори синф ўқувчиларидан фан олимпиадаларда иштирок этиб, аъло натижаларни қўлга киритаётганлар сафи йил сайин кўпаймоқда.
Дарс жараёнида ўзим яратган 300 дан ортиқ кўргазмали қурол ва ўқувчиларим билан ясаган 50 дан ошиқ модел ва макетлардан фойдаланамиз. Шунингдек “Ёш физиклар” тўгарагимиз ҳам бор.
Шуни мамнуният билан айтаманки, ҳозирда шогирдларим Ш.Жумабоева ва Д.Ўринбоев Мирзаобод туманидаги умумтаълим мактабларида физика фанидан дарс бериб келмоқда. Физика фанидан аъло ўқиганлиги туфайли бир неча ўқувчиларимиз олий таълимнинг техник ва физикага оид бошқа йўналишларида таҳсил олмоқда.
Президентимиз томонидан куни кеча ўтказилган селекторда мамлакатимиз таълим тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилиши баробарида соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича ҳам бир неча чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганлиги айтилди. Хусусан, келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилиши ва ушбу механизм орқали педагогларнинг моддий манфаатдорлигини амалдагидан сезиларли даражада оширилиши таълим самарадорлигини янада кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ойбек РОЗИҚОВ,
Мирзаобод туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси,
“Шуҳрат” медали соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг