“Карьера куни”: талабаларга 3 мингга яқин иш ўринлари таклиф этилди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талаба-ёшлар учун “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги, Чилонзор туман ҳокимлиги, Марказий банк ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда мулкчиликнинг турли шаклидаги 197 та ташкилот ва муассаса томонидан 3 мингга яқин иш ўринлари таклиф этилди.
“Карьера куни”да иш берувчи вазирлик, муассаса, ташкилот ҳамда корхоналарга университет томонидан талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, жорий ўқув йилида университетни тамомлаётган 4960 нафар (бакалавриат босқичида 1894 нафар, магистратура босқичида 599 нафар, қўшма таълим дастурида 380 нафар, иккинчи олий таълимда 1499 нафар ва сиртқи таълим шаклида 588 нафар) битирувчилар ҳақидаги маълумотлар иш берувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида тижорат банклари, халқаро экспертлар ҳамда йирик компания вакиллари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
“Карьера куни” ахборот-танишитирув тадбири якунлари бўйича иш берувчилар томонидан 3500 дан ортиқ талабалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг 736 нафарига ишга жойлашиш бўйича, 1500 га яқин талабаларга эса амалиёт ўташ учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида инновацион ҳамкорлик доирасида муаммоли мавзулар бўйича тадқиқотлар олиб бориш, ўқув режаларига амалиётчи мутахассислар таклифларини эътиборга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиш, талабаларнинг малакавий амалиёти ва тажриба оширишини тизимли равишда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, амалиётчи мутахассисларни дарс машғулотларига жалб қилиш, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини корхона ва ташкилотлар таклифини ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш жараёнлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов ҳамда “Гарант банк” АЖ Бошқарув раиси Аброр Муҳамедхонов ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида кенгайтирилган, банк амалиёти ҳамда таълимнинг назариясини интеграциялаштирадиган меморандум имзоладилар.

Бундан ташқари, “ROZMETOV Z.M” МЧЖ Ижрочи директори Зафар Рўзметов томонидан талабалар учун корхона бошланиши ва фаолияти ҳақида мастер-класс ўтказилди. Унда иштирокчилар корхона фаолияти тарихи, ҳозирги вақтда бозордаги ўрни ва олиб бораётган фаолияти билан таништирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг