Карантинда нафақа олувчиларнинг пуллари манзилли етказиб берилмоқда
Бугун Фарғона вилоятида 400 мингдан зиёд нафақа олувчи фуқаролар истиқомат қилади. Карантин муносабати билан уларнинг ўз вақтида нафақа олишлари учун қандай шароитлар яратилган? Оммавий ахборот воситалари орқали бир неча маротаба бу ҳақида батафсил маълумот берилган бўлса-да, айрим нафақадагилар бу ҳақида тўлиқ маълумотларга эга эмас. Банкларга шу боис ана шу мазмунда юзлаб мурожаатлар келиб тушаётир.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Барнохон Ахунованинг турмуш ўртоғи вафот этганига 4 йил бўлди. У яқинда ёлғиз боши билан 4 нафар қизининг 2 нафарини турмушга узатди. Барнохон опа айни дамларда 2 нафар қизи учун моддий нафақа олади. Оилада боқувчи ҳам, таъминотчи ҳам ўзи. Уй-рўзғор ишларининг ҳаммаси Барно опа зиммасига тушган. Шаҳардаги ташкилотда фаррош бўлиб фаолият олиб борган опа карантин муносабати билан уйда. Нафақа пули эса улар учун жуда зарур. Банк ходимлари нафақа пулларини уйга олиб келганида эса опанинг хурсандчилигини кўринг... Нафақадан ташқари ун, ёғ, картошка, сабзи... умуман, ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулотлар Б.Ахунова оиласига ёрдам тариқасида берилди.

Фарғона шаҳар, Шодиёна МФЙ, Соҳибқирон Темур кўчасида яшовчи Октябрина Аҳмедова 2-жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийси.Урушдан сўнг нуроний момо маориф соҳасида ўқувчиларга таълим бериб, юрт равнақи йўлида ўз хиссасини қўшди. Она хозирда 91 ёшни қаршилади.
–Фарзандларим таъминотимни жойига қўйган, –дейди Октябрина Аҳмедова. – Шунга қарамай бу ойдаги нафақамни набирамнинг кундалик эҳтиёжлари учун сарфлашни режалаштирганман. Аммо карантин вақтида қандай қилиб нафақа пулларини олишни ўйлаётган эдим. Банк ходимлари ташвишимни аритишди. Бундай хизмат ташкил этилганидан бошим осмонда.
Шу куни банк ходимлари Фарғона шаҳри, Олтин замин кўчасида истиқомат қилувчи 101 ёшлик Тўхтабиби ая Исомуддинова хонадонига ҳам ташриф буюриб, нафақа пулларини ўз қўлига топширишди.
– Биргина Фарғона шаҳрининг ўзида 27 мингдан зиёд нафақа олувчилар истиқомат қилади, –дейди “Халқ банки” Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи Элмурод Шахобиддинов. –Карантин муносабати билан сайёр тартибда бу маблағларни ўз вақтида пенсионерларимизга етказиб бериш учун 50та ходим ва 30 дан ортиқ махсус автотранспорт воситалари сафарбар қилинган. Бу ҳолат ҳали кузатилмади, лекин айрим ҳолларда вақт нуқтаи назаридан бироз кечикиш ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу эса транспорт, босиб ўтиладиган масофа ва ишчи кучига боғлиқ ҳолат. Шундай бўлса-да, ҳар ойнинг 27 санасига қадар маблағларни ўз эгаларига етказиб бериш учун ҳар куни 8-00 дан кеч соат 20-00 га қадар иш ташкил қилинган.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг