Карантинда корхона фаолияти тикланди
Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган мазкур фармон Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари учун ҳам катта имконият бўлиб, корхоналарнинг тўла қувват билан барқарор ишлашида мустаҳкам асос бўлмоқда.
Фармон талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туманларида тизимли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Жомбой туманида карантин сабаб фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, “Зилол сут” оилавий корхонаси бир қатор муаммоларга дуч келган. Натижада, таъсисчилар вақтинча ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришга қарор қилган. Давлат солиқ инспекцияси мутахассислари иштирокида вазият таҳлил қилинди. Тадбиркорнинг муаммосини қисқа фурсатда бартараф этиш чоралари кўрилди.
— Бугунги кунда сутни қайта ишлашга ихтисослашган мазкур корхонанинг фаолияти тўлиқ тикланди, — дейди 4-сектор раҳбари Ш.Азаматов. — Натижада 5 нафар фуқаронинг ишсиз қолишининг олди олинди. Уларга барча санитария-гигиена қоидалари тушунтирилиб, зарур меҳнат шароити яратилди.
Шунингдек, корхона раҳбарлари билан мулоқот давомида ушбу қувватнинг фаолиятини кенгайтириш бўйича ҳам келишиб олинди. Бунинг учун банкдан 100 миллион сўм кредит ажратиш масаласи кўриляпти. Натижада келгусида яна 3 та янги иш ўрни яратилади.
Юртимизда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва имкониятлар бугун ишбилармонларни изланишга, янги лойиҳаларни амалга оширишга ундаяпти. Албатта, буларнинг бари мавжуд хом-ашё ресурслари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда ички истеъмол учун зарур бўладиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш сураътини жадаллаштириш, пировардида эса мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга кенг йўл очмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг