Карантин даврида одамлар қандай яшаяпти?

18:20 04 Август 2020 Жамият
1769 0

Пандемия ҳамма соҳага ўз таъсири ўтказяпти. Бу табиийки, аҳоли турмуш тарзида бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқда. Аввалгидек даромадга эга эмаслигимиз ойдек равшан. Боиси, аксарият меҳнат фаолиятлари вақтинча тўхтатилган. Мана шундай пайтда оддий одамлар қандай яшаяпти? Тирикчилик қилиш учун пул топишнинг имконини топа оляптиларми? Ана шу саволга жавоб излаб Андижон туманидаги «Оғиллик» МФЙда бўлдик.

— Маҳалламиз жуда катта, — дейди МФЙ раиси Муҳаббатхон Қурбонова. — 720 та хонадонда 4675 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида моддий жиҳатдан яхши таъминланганлар ҳам, кунлик даромад манбаига эга бўлганлар ҳам бор. Аксарият, фуқароларимиз томорқадан даромад олишади. Маҳаллада хонадонлар 59 гектар майдонни эгалласа, шундан 24 гектарини экин майдонлари ташкил этади. Демак, тирикчилик қилиш учун шунча майдондаги томорқадан фойдаланиш имкони бор.

Томорқадан фойдаланишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ҳам ернинг ҳадисини олмаган ахир. Шунинг учун хонадонларда бўлиб, маҳалладошларнинг тирикчилик манбаини ўз кўзимиз билан кўришга аҳд қилдик. Илк ташрифимиз «Турмушобод» кўчасининг 100 хонадонига бўлди. Уй соҳиби Алишер Режавалиев ҳозиргина бозордан келиб турганлиги маълум қилди.

— Ҳовлимиз катта, — дейди Алишер суҳбатда. — 20 сотих майдонда томорқам бор. Йил давомида тўрт марта ҳосил оламан. Кеч кузда экилган кўкатни қишнинг ярмигача сотиб бўламиз. Иккинчи экинга февраль ойида ҳаракатни бошлаймиз. Иссиқхонада бодринг, помидор етиштирамиз. Июль ойидан яна такрорий экинни бошлаймиз. Бу гал яна кўкат уруғини сепамиз. Ўтган ойда қадалган уруғ бугун тайёр маҳсулотга айланган. Ҳар куни бозорга 200-300 минг сўмлик кўкат етказиб бермоқдаман. Кеч кузга бориб кўкатдан бўшаган ерга яна уруғ сепаман. Даромадга келсак, ҳар сафар хил. Масалан, эрта баҳорда бодринг, помидордан 25 млн. сўм соф фойда кўрдим.

Нўъмонжон ота Абдураҳмонов кўчат етиштиришнинг ҳадисини олган. Боғида 50 дан ортиқ турдаги кўчатлар мавжуд. Бундан ташқари, хандон писта, лимон, мандарин, апельсин ва ананаслар ҳосилга кирган.

— Ҳаракат қилсангиз, табиатнинг ўзи боқади сизни,-дейди ота томорқасига ишора қилиб. — Пальма кўчатларимни етти йил парваришладим. Ҳар бирига 2 млн. сўмдан харидор келиб турибди. Бир йиллик кўчатларининг нархи 20 минг сўмдан. Ҳар икки сантиметрга биттадан кўчат сиғади. Фойдасини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг,-дейди отахон.

Қувонарлиси шундаки, карантин пайтида ҳам отахоннинг ҳовлисидан харидорлар аримайди. Йилнинг тўрт фаслида экиш мумкин бўлган кўчатлар ҳақиқий даромад манбаига айланган. Ҳар ойда Қирғизистон Республикасига юзлаб кўчатлар экспорт қилинаётганлигини инобатга олсак, бу томорқа эмас хазинанинг ўзгинаси эканлигига амин бўласиз.

— Атиги бир сотих томорқам бор, — дейди Роҳилахон Аҳмадалиева. –Ўзим шифохонада ишлайман. Ишдан бу пайтларимда шу кафтдеккина еримда кўкатлар етиштираман. Натижада ҳар ойда қўшимча 400-500 минг сўм даромад оламан. Томорқа рўзғоримни бутлаб турибди. Ойлик маошимни бошқа харажатларга ишлатаман.

Нуриллио Файзиев қушларга қизиқар экан.

— Ошхонада ишлардим, — дея суҳбатни давом эттиради у. — Айни пайтда тамаддихоналар фаолияти вақтинча тўхтатилган. Даромд топиш учун март ойида уй шароитида боқса бўладиган қушларнинг полапонларини сотиб олганман. Бугунги кунга келиб улар тухум қўйиш арафасида туришибди. Қушнинг харидори кўп бўлар экан. Бозорга чиқишимга ҳам ҳожат йўқ. Уйимнинг ўзига келиб бир жуфт қушларни 40-50 минг сўмдан сотиб олишяпти.

Маҳаллани кезар эканмиз, ҳар бир оиланинг ўз даромад манбаи борлигига амин бўлдик. Қай бир ҳовлига кирмайлик бекорчи ўтирган одамни кўрмадик. Кимдир сават тўқиса, бошқаси дўппи тикмоқда. Кўрпа қавиб пул топаётган келинлару ғишт қуйиб сотаётган йигитларнинг-да кайфияти тетик.

— Одамни йўқсизлик синдиради, — дейди МФЙ раиси Муҳаббатхон Қурбонова. — Йўқчиликка эса баъзан ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қоламиз. Ойлик маошнинг бўлгани яхши, бироқ вазият доим ҳам бир маромда бўлмаслигини бугун гувоҳи бўлиб турибмиз. Мана шундай пайтларда уддабуронлик қўл келар экан. Худога шукр, маҳалладошларимиз ҳар бир қарич ернинг, ҳар бир дақиқа вақтнинг қадрига етадиган одамлар. Шунинг учун ҳам улар ночорларга кўмак берса берадиларки, ночор аҳволда қолиб кетмайдилар.

«Оғиллик»дан келдиму, ҳовлимдаги мўъжазгина томорқамнинг тупроғини юмшата бошладим. Ахир, кўрганларим сабоқ бўлди-да.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер