Карантин даврида ҳам бешта муҳим ташаббус амалда

18:16 25 Апрель 2020 Жамият
1323 0

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Улар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

 Олий Мажлис Сенати томонидан бу борада махсус Концепция тасдиқланиб, унда белгиланган чора-тадбирлар дастуридаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Хусусан, ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларни юзага чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш йўлга қўйилди. 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурининг ижросини таъминлашга тегишли вазирлик ва идоралар масъул этиб белгиланди.

Айтиш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси бешта муҳим ташаббусини амалиётга татбиқ этишда Сенатга юкланган вазифаларни мувофиқлаштириш учун масъулдир.

Дунё ҳамжамиятини сергакликка чорлаган пандемия даврида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини уйда қолган ҳолда унумли ўтказиш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Тегишли вазирликлар томонидан аҳоли ва ёшлар ўртасида, шунингдек, барча Олий таълим муассасаларида “Бешта муҳим ташаббус амалда” шиори остида танлов ва мусобақалар эълон қилинганлиги айни муддао бўлди. Виртуал алоқа, электрон дунё каби тушунчалар бугун бу жараёнга ҳам сингиб кетди, дея оламиз. Содда қилиб айтганда, карантин даврида ҳам бешта муҳим ташаббус амалда ўз ифодасини топмоқда.

Ёшларимиз қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топиши, уй шароитида иқтидорини намоён этиш учун бундай онлайн танловлар, албатта, ўз самарасини беради.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Ёшлар, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер