Камбағаллик фақат пул тарқатиш билан ҳал бўлмайди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Андижон вилоятидаги мавжуд ташкилотларнинг 1393 нафар раҳбар ва ўринбосарларининг ҳар бирига 5 нафардан энг оғир аҳволдаги 6965 та камбағал оилалар бириктирилган. Улар томонидан 2024 йилда 50 минг 375 нафар, 2025 йилда 99 минг 135 нафар оилаларни камбағалликдан чиқариш чорасини кўриш белгиланган. Хўш, натижа қандай бўлмоқда?
— Олтинкўл туманидаги «Тортиқ» МФЙда истиқомат қилувчи 5 та оилада ўрганиш ишларини олиб бордик, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ директори Дилшодбек Қўлдошев. – Уларнинг шароитидан келиб чиққан ҳолда моддий ёрдам кўрсатилди. Оила аъзоларини ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилди. Ҳозирда улар доимий иш жойига эга. Камбағаллик сафидан чиқарилди.

Вилоятда камбағаллик даражаси жорий йил якунига қадар 11,9 фоиздан 8,7 фоизга туширилиши кўзда тутилган. Бунинг учун танлаб олинган маҳаллаларда энг аввало, ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга эътибор қаратиляпти. Оддий мисол, қишлоқ шароитида томорқадан бир йилда қўшимча 10-15 млн. сўмгача даромад олиш мумкин. Бироқ, сув етиб бормаган ҳовлида бу ютуққа эришиш мушкул. Шу боис, мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар доирасида аҳолини қийнаб келаётган барча муаммоларга ечим изланяпти. Авваллари аксарият маҳаллаларда томорқани суғориш асосий мавзулардан бири бўлиб келган. Сабаби, кўчанинг охиридаги манзилларга сув етиб бормаслиги туфайли томорқадан фойдаланиш имкони бўлмаган. Ҳозирда ички ариқларни бетонлаш натижасида муаммога ечим топилди. Бу орқали 1 сонияда 200 литр сувни тежаш имкони яратилиб, беҳуда сарфланаётган 60 фоиз сув томорқага йўналтирилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар туфайли сувдан фойдаланиш даражаси 90 фоизга етказилмоқда. Шу орқали ҳар бир туманда ўртача 4 млн. метр куб сувни тежаш ва аҳоли даромадига йўналтириш имконияти яратилмоқда.
Тан олиш керак, аксарият оилаларда даромад топиш учун шароит ҳам, бизнес режа ҳам бор. Бироқ, маблағ йўқ. Ҳар қандай иқтисодий натижа учун дастлаб сармоя керак. Бу аҳолини камбағалликдан чиқаришдаги асосий жараён ҳисобланади. Қўрғонтепа туманидаги «Соҳибқирон» маҳалласида истиқомат қилувчи Ботиржон Мўминов ҳам томорқасидаги бўш турган 1 сотих майдондан даромад олиш мақсадида маҳалла фаолларидан ёрдам сўради. Ажратилган 33 млн. сўм кредит маблағи нафақат, иссиқхона барпо этишга, балки, ёрдамчи хўжалик ташкил этишга ҳам етди. Чорвачиликнинг ўзидан 10 млн. сўм даромад олганлиги амалга оширилаётган ишларнинг самарали ифодасидир. Бундай хайрли ишлар ортидан маҳалла камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди.

— Ҳамма ҳам бизнес режа ишлаб чиқиши, банкдан кредит маблағига эга бўлиши мумкин. Бироқ, имкониятдан фойдаланишнинг ўзи бўлмайди, — дейди Олтинкўл туманидаги «Ижтимоят» МФЙда истиқомат қилувчи Юлдузой Абдурасулова. — Мен ҳам аввал ишсиз эдим. Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан тадбиркорлик асосида нафақат, ўзимни балки, ўзгаларни ҳам доимий даромад манбаига эга қилишим мумкинлиги борасидаги кўникмага эга бўлдим. Қолаверса, Уйчи ва Сайхунобод тажрибасини қунт билан ўргандим. Натижада маҳалламиз эҳтиёжидан келиб чиқиб, «Янги аср фарзанди» оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйдим. Бу орқали 4 та янги иш ўрни яратилиб, 50 нафар ўғил-қизларга сифатли таълим-тарбия бериш шароити эга бўлдик.
Андижон вилоятида камбағалликдан фаровонлик сари йўналтирилган истиқболли лойиҳалар ўз самарасини бермоқда. Бундан ҳамюртларимизнинг турмуш шароити яхшиланмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг