Калифорниядаги мактаб олдида пичоқбозлик юз берди. Бир ўқувчи ҳалок бўлган

13:25 08 Май 2025 Дунё
193 0

АҚШнинг Жанубий Калифорния ҳудудида жойлашган мактаб олдида пичоқбозлик содир бўлди. Оқибатда бир нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлган, яна икки нафари жароҳат олган. Бу ҳақида «NBC News» нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, 7 май, чоршанба куни Калифорния штатининг жанубий ҳудудида жойлашган «Santa Ana» мактаби олдида номаълум шахслар иштирокида пичоқбозлик содир бўлган. Оқибатда яраланган уч нафар ўқувчи шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай уларнинг бир нафари вафот этган.

Маҳаллий полиция мазкур қотилликни амалга оширган шахслар ҳақида аниқ маълумотлар йўқлигини, ҳозирда қидирув ишлари давом этаётганини билдирди. Ҳозирда жиноятчиларнинг мақсади ва мактабга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотлар аниқланмаган.

Ҳудуд ҳокимияти вакили Фермин Леалнинг таъкидлашича, ўқувчилар дарсларни якунлаб, мактабдан чиқиб кетаётган вақтда номаълум шахслар иштирокида пичоқбозлик бошланиб кетган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, мазкур ҳодисада мактаб ўқувчилари ҳамда бегоналар ҳам иштирок этган. Ушбу воқеадан сўнг, Жанубий Калифорниядаги «Santa Ana» ўрта мактаби фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Ҳозирда расмий идоралар ушбу фожиа қурбонига айланган ўқувчиларнинг ёши ҳамда шахси ҳақида маълумот бермаган. Шунингдек, мактаб ўқувчиларига дарсдан сўнг қатнашадиган қўшимча тўгаракларга бормай туриш тавсия қилинган. Расмийлар умумий тафсилотларни 8 май, пайшанба куни эълон қилишини маълум қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер