Калаванинг чувалган учи

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида
“Детектив” инглизча “очиш” маъносини англатиб, луғатларда оғир жиноятларни тергов қилувчи мутахассисга айтилади. Адабиётда насрий жанрнинг бир тури детектив деб аталиб, унда ҳам мураккаб жиноий ишни очиш тафсилотлари баён этилади. Асл касби ҳуқуқшунос, юридик фанлар доктори Комил Синдаров бадиий ижод оламига кириб келганига ўн йилдан сал ошган бўлса-да, навбатдаги асари — “Кечиккан қасос” детектив романини китобхонлар зўр иштиёқ билан қарши олишди.
Детектив асарнинг бошқа жанрлардаги битикдан фарқи шуки, у ёзувчининг маҳорати ҳисобига китобхоннинг узлуксиз диққатини жалб этиб, воқеалар бошидаги тугуннинг ечилишигача қизиқтириб туради. Нафақат муаллиф ёки қаҳрамонлар, ҳатто муаммолар ижобий ечим топишидан умидвор китобхон ҳам ўзини изқувар ўрнида тасаввур қилади.
“Кечиккан қасос” романининг илк саҳифаларида банк бошқарувчиси Зуҳриддин Тоғаевни ваҳшийларча ўлдириб, танасини ёқиб, суякларини қабристонга кўмиб кетишади. Четдан қараганда, тинч-осойишта яшаётган оила бирин-кетин емирилиб бораётгани ҳаммани ажаблантиради. Аввал хонадон бекаси “касалликдан” вафот этади. Сўнг ўғли автоҳалокатга йўлиқади. Банкирнинг фожиасидан кейин бошқа жойда яшаётган қизи норасида гўдаклар билан дунёдан кўз юмади. Нега бу оила тутдай тўкилди? Тасодифми ёки аллакимнинг феъли-аъмоли оқибатими?
Пойтахтдан келган терговчилар маҳаллий ҳамкасблари билан бу чигал ишнинг асл сабабларини топишлари, ҳақиқий айбдорларни қонун олдида жавобгарликларини таъминлашлари талаб этиларди. Агар масалага кенг ва чуқур ёндашилмаса, айрим ҳолатларга бахтсиз ҳодиса сифатида нуқта қўйиш ҳеч гап эмас.
Ёзувчи ушбу асарда терговчиларнинг машаққатли меҳнатини, ҳар қандай шароитда ҳам билим ва тажриба ҳисобига сарфлаган маҳоратини жонли лавҳаларда кўрсатиб берган. Гумондорлар ва гувоҳлар билан мулоқот қилганда ҳар кимнинг феъли ҳамда дунёқарашига қараб суҳбат қуришади. Кимлар билан мулойим оҳангда, бошқалар билан қатъий ва жиддий тилда гаплашишга тўғри келади. Жиноят ишини фош этишда ўнлаб тахминлар ишлаб чиқилади. Ўрганиш асносида бу рўйхатга янги йўналишлар қўшилиши ёки қисқариши мумкин.
Китобхон асарни ўқиш мобайнида ечимнинг тезроқ якунланишини истайди, лекин бир йўналиш тугай деганда бошқа муаммо пайдо бўлиб, калаванинг учи чуваланиб кетади. Тергов дегани қизиқ бўларкан, воқеалар ривожида қилни қирқ ёрувчи юристлар бир нечта ҳолатларда асосий қотил билан суҳбатлашади, лекин бу ҳақда хаёлларига ҳам келтиришмайди. Жиноятчи эса турли бичиб-тўқилган кўрсатмалар орқали терговчиларни чалғитади.
Битта жиноят ишни фош этиш йўлида неча-неча тақдирлар ҳаётига дуч келинади. Баъзан оддий саволга жавоб топиш учун йигирма йил олдин рўй берган “дело” ўрганилади ва ўшанда йўл қўйилган хатолар аниқланади. Кейин маълум бўлишича, ўша чалкашлик неча-неча инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб юборади.
Терговнинг “олтин қоидаси” шундан иборат эканки, асл айбдорни топиш, уни муносиб жазога тортиш шунинг учун ҳам муҳимки, токи бегуноҳ одам адолатсизлик қурбони бўлмасин, шу зайлда ҳақиқий айбдор озодликда юрмасин. Шунга йўл қўйилса, яна янги жиноятлар урчиши, энг муҳими, адолатга нисбатан ишончсизлик одамлар қалбини заҳалаши мумкин.
Ҳаётимизда турли касб-корлар бор. Завод ишчиси ҳар куни дастгоҳи ёнида фаолият кўрсатиши, деҳқон даласида тер тўкиши оддий воқеадек. Терговчи эса зиммасига юклатилган вазифани адо этиши учун тунни тонгга, кунни оқшомга улайди. Баъзан ойлаб меҳнат қилиб ҳам тайинли натижага эришолмайди.
Асардаги воқеалар шу қадар шиддат билан кечадики, кўз ўнгимизда ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари рўйи-рост намоён бўлади. Китобхон эзгу ғояларнинг яхши самара беришини, ёвуз ниятлар ушалмаслигини ич-ичидан истайди. Лекин ҳаётнинг шафқатсиз машинаси ҳар қандай текисликни ҳам мажақлаб ташлайди. Ёзувчи ана шу ҳаёт манзараларини реал картиналар орқали акс эттириш йўлидан боради. Зуҳриддинни бу қадар шафқатсиз ўлдириш фақат унинг ашаддий душмани томонидан амалга оширилиши юрист бўлмаган одамга ҳам аён. Лекин ким ўша душман? Бу саволларга жавоб излаш учун банкир фаолияти давомида рўй берган ихтилофлар, келишмовчиликлар таҳлил қилинади. Аниқланишича, Холматбой деган шахс Зуҳриддин билан жанжаллашган, натижада бир-бирларига терс бўлиб қолган.
Шуни ҳисобга олган қотил терговни чалғитиш учун қабристон тупроғи ёпишган калишни Холматбойнинг ҳовлисига билдирмай ташлаб кетади. Устига-устак хаёли савдойи бўлиб қолган Холматбой қотилликни бўйнига олади. Тергов гуруҳи Фахриддин Каримович шунчалик яққол далиллар бўлса-да, Холматбойнинг шундай ишни қилганига ички сезгиси билан ишонмайди ва терговни давом эттиради.
Зуҳриддин йигирма йиллар илгари Зоминда совхоз директори бўлиб ишлаган эди. Терговчилар ўша йилларда рўй берган жиноий ишлар билан танишиб чиқади. Мактаб директорини кимлардир туҳмат билан қаматиб юборади. Маҳбус қамоқда вафот этади. Кўп ўтмай, директорнинг аёли ўзини осади. Ўғлини машина уриб кетади. Ёлғиз қизини болалар уйига топширишади. Норасида қиз 13 ёшида болалар уйидан қочади. Шу билан из йўқолади.
Терговчилар шундан кейинги занжирнинг изидан бориб, ўша қизгина айнан Зуҳриддиннинг уйидаги ўзини кар ва соқовликка солган Зубайда эканлигини аниқлашади. Ҳолбуки, улар қотилни аниқлаш мақсадида Зубайда билан бир неча бор гаплашишган. Ўша заҳоти Зубайда (унинг асл исми Майрам)ни қидириб, уйга боришса, кеч қолишибди. Бу орада Майрам Зуҳриддиннинг ҳаром йўллар билан топган пулларининг катта қисмини болалар уйларига ҳадя қилиб улгурибди.
Тегишли нуқталардан маълум бўлишича, гумондор Шаржага учиш учун чипта олибди. Тергов гуруҳи объектни самолёт салонига жойлашгандан кейин “Сиз қотилликда айбланасиз”, деб қўлига кишан солибди.
20 йилга яқин кар-соқов бўлиб юрган Майрам тилга кириб кўргазма беради. Китобхон ҳақ жойидан қарор топганлигидан кўнгли жойига тушади.
Романни ўқиш асносида ҳалол, камтар, эзгу ниятли одамлар яхши самаралардан баҳраманд бўлишига, ғирром, харомхўр, ёлғончи одамлар охир-оқибатда ўз жазосини олишига ҳаётий лавҳаларда ишонч ҳосил қилади. Романнинг тарбиявий аҳамиятини шунда десак, ўринли бўлур эди. Ҳаётда ҳар ким экканини ўради, деган доно ҳақиқат асар қаҳрамонлари тақдирида намоён бўлган.
Комил Синдаров шеърият оламида бир-биридан ўқишли, жозибадор шеърлари билан мухлислар кўнглини хушнуд қилиб келарди. Муаллифнинг детектив жанрдаги ижоди ҳам муваффақиятли чиқаётганлигини таъкидлаш биз учун ёқимлидир.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг