​​​​​​​Кадрлар билан ишлашда янги ғоялар ва тенденциялар муҳокама қилинди

16:16 06 Декабрь 2023 Жамият
277 0

Сўнгги йилларда юртимиз турли йирик анжуманлар, яқин шерикчилик ва ҳамкорлик, ғоялар ҳамда инновациялар алмашинуви учун муҳим, қулай майдонга айланмоқда.

Пойтахтимизда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Латвия Республикаси Молия ва шартномалар марказий агентлиги ҳамкорлигида “Давлат хизматида истеъдодли шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари” мавзусида ташкил этилган халқаро давра суҳбати ҳам бунга яққол мисолдир.

Давра суҳбатида вазирлик ва идораларнинг раҳбар кадрлари, инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ходимлари, олимлар, чет эл мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Англия, Германия, Латвия, Франция, БАА, Корея, Сингапур, Туркия, Озарбайжон каби мамлакатлардан соҳа экспертлари, давлат хизматчилари иштирок этди.

Тадбир давлат хизматини ривожлантиришда салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш муаммолари, истеъдодли шахсларни давлат хизматига жалб қилишнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Халқаро давра суҳбатининг очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасини ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди.

— Бугун Ўзбекистон Президенти бошчилигида юртимизда барча соҳаларда кенг миқёсдаги ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Барча соҳалар қатори таълим ва инсоннинг ривожланиши учун ҳам шарт-шароитлар яратилмоқда, — деди О. Ҳасанов. — Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “давлат хизматчиси, аввало, халқ хизматчиси бўлиши шарт”, деган сиёсий иродасини рўёбга чиқариш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ва комплекс амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шунингдек, бугун Ўзбекистонда натижадор, ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш стратегик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Очилиш маросимидан сўнг, давра суҳбати панелларда ишини давом эттирди.

Биринчи панелда ноаниқлик шароитида ишчи кучини режалаштириш: турли моделлар ва инструментлар, иккинчисида юқори бўғин давлат хизмати: лидерлик учун компетенциялар, рекрутмент ва карьера мобиллиги масалалари муҳокама қилинди. Учинчи панелда ҳам давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муҳим масалалар муҳокамаси бўлди. Унда истеъдодли шахслар салоҳиятидан тўғри фойдаланиш, эътироф қилиш, иш ва шахсий ҳаёт ўртасида мувозанатни таъминлашга қаратилган амалиётлар юзасидан тажриба алмашилди.

— Ташкилотимиз дунёдаги энг илғор амалиётларни ўзида мужассамлаштирган, — дейди БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси раиси Ларби Джакта. — Биз Ўзбекистонда Президент томонидан белгилаб берилган стратегияни амалга оширишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Алишер Эрановнинг айтишича, ҳар бир давлат кадрлар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятини замонавий стандартлар асосида янгилаб бориши керак. Бу борада давлатлар ўзаро тажриба алмашиб туриши жуда муҳим. Турли моделлар ва инструментларни қўллаш, компетенцияларни ривожлантиришда синовдан ўтган амалиётлар қўл келади.

Таъкидлаш жоизки, халқаро мулоқот давомида кадрлар сиёсати ва давлат хизматидаги замонавий трендлар, янги ғоялар ва ёндашувлар муҳокама қилинди, истеъдодли шахслар, хусусан, ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Давра суҳбати сўнггида экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фикр-мулоҳазалари, таклифлари юзасидан хулосалар эълон қилинди.

Гулчеҳра Ашурова, журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер