Кадастр соҳасида оид мурожаатлар ўз ечимини топмоқда
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳар бир вазирлик ва идора ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, самарали ва аниқ ечимларни топишга, ҳақчил ва халқчил чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қилаётгани эътирофга моликдир.
Ўрганишлардан маълумки, кадастр соҳасида оид мурожаатлар яқин-яқин вақтгача фақат тушунтириш бериш билан чегараланиб келингани одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Эндиликда эса мурожаатларга нисбатан бундай юзаки ва бир ёқлама ёндашувлардан тамомила воз кечилиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи М. Қодирова ўзи истиқомат қилаётган турар жойнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш муҳимлигини билгани заҳоти ишга киришди. Моддий таъминотдан имконияти чеклангани боис зарур тўловни амалга оширишга келганда, чорасиз қолди. Бу масала шу тариқа йиллар давомида муаммолигича қолиб кетди. Лекин яқинда унинг мавжуд вазиятни кўрсатган ҳолда кадастр идорасига қилган мурожаати қисқа фурсат ичида ижобий ечим топиб, фуқаронинг мулк ҳуқуқи кафолатланди.
Андижон туманида яшовчи М. Мамажонов эса спорт майдончасини барпо этиш орқали ёш авлод камолоти йўлида муносиб иштирок этишни хоҳладию, аммо нияти амалга ошмай қолди. Бормаган, эшигини қоқмаган идораси қолмади ҳисоби. Туман кадастр идорасига қилган мурожаатидан сўнг ҳаммаси изга тушди.
— Ҳудудларда кадастр соҳасига оид муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида 2022 йил давомида 2 минг 415 марта сайёр қабул ва тарғибот ишларини ташкил этдик, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Акбаров. — Бундан ташқари йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 5 минг 98 та мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Бошқармамизда «Кадастр - халқ хизматида» шиори остида самарали тизим яратилган бўлиб, мурожаатлар билан ишлашга тажрибали мутахассисларимиз жалб қилингани ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг