Кадастр соҳасида ҳар бир муаммонинг ечими бор

16:25 08 Февраль 2024 Жамият
347 0

Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармасида фуқаролар мурожаатига бўлган эътибор туфайли мавжуд муаммоларнинг ижобий ечими таъминлаб келинмоқда. Ўтган 2023 йил давомида кадастр паспортини тайёрлашга доир 68 минг 407 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 80 фоизи қаноатлантирилганлиги, 15 фоизига рад жавоби берилиб, қолган қисми ижрога йўналтирилганлигининг ўзиёқ бу борадаги ишлар кўлами нечоғлик кенг эканлигидан далолатдир.

— Кадастр масаласи ҳар бир кишига алоқадор мавзу, — дейди бошқарма бошлиғи Дилшодбек Акбаров. — Жойларда бу борада камчиликлар йўқ эмас. Фуқаролар орасида ўз мулкига тегишли бўлган кадастр паспортини расмийлаштиришни пайсалга солиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Шу боис йил давомида мавзуга доир тарғибот ишлари ташкил этиляпти. Мурожаатлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани эса ана шу тадбирларнинг ижобий самараси, деб биламан. Боиси, ҳамюртларимизнинг кадастр соҳасига оид билимлари янада шаклланиб боряпти. Бу эса мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этишнинг асосий жиҳатларидан биридир.

Балиқчи туманидаги Шеробод маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳамидулло Одилов ер билан боғлиқ эгалик ҳуқуқини расман тасдиқлатиб олиш мақсадида мурожаат қилди. Сўровга асосан унга тегишли бўлган жой қайта ўлчаниб, қонуний ҳуқуқлари белгилаб берилди.

Шаҳрихон тумани Намозгоҳ маҳалласида фаолият олиб борувчи “Дониёр савдо барака” хусусий корхонаси масъуллари эса корхонага тегишли кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати қисқа муддат ичида ижобий ечим топди.

— Биз яшаб турган уй раҳматли дадамнинг номида эди, — дейди Андижон шаҳридаги А. Фитрат кўчасида истиқомат қилувчи Абдуллажон Назаралиев. — Дадам оламдан ўтганига 15 йил, онамнинг вафот этганига эса етти йил бўлди. Бу орада турар жойни ўз номимга расмийлаштириш бўйича тегишли идораларга мурожаат қилдим. Шунда билдимки, менга мерос қолган мулкнинг кадастр паспорти мавжуд эмас экан. Ота-онам оламдан ўтиб кетганлиги учун бу масаланинг ечими ортиқча вақт ва ҳужжат талаб қилса керак, деб, тўғриси ҳафсала қилмаган эдим. Бироқ, бошқармага мурожаат қилганимдан сўнг уларнинг ёрдами билан ҳаммаси қисқа муддат ичида расман қайд этилди. Бундан ниҳоятда хурсандман.

Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йилларда кўчмас мулкка доир муносабатларни тартибга солиш ва қонунчилигимизни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 28 ноябрь куни “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг имзолангани соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлатимиз томонидан тўлиқ кафолатланганини билдиради.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер