Кадастр хизмати кўрсатишда хусусий сектор кенг жалб этилади
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида аҳоли истиқомат қиладиган ҳовли жойлар сони 600 мингдан ортиқ бўлсада, шундан 283 мингтасининг кадастр ҳужжати йўқ. Бу ҳақда кадастр агентлиги ҳамда давлат кадастрлари палатаси Андижон вилоят бошқармалари томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
— Бироқ, бу шунча турар-жой учун солиқ тўланмаяпти дегани эмас,—дейди кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. –Боиси, вилоят миқёсида хатлов ўтказилиб, ҳар бир турар-жой рўйхатга олинган ва айни пайтда уларни кадастрлаш жараёни олиб бориляпти.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамизда ушбу соҳа тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи 4 та ҳужжат қабул қилинди. Тадбир давомида уларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 22 августдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2024-йилнинг 1 июлидан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўчмас мулкни кадастрлаш жараёнида хусусий сектор иштироки ҳам таъминланади. Бу фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаб, соҳада коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади, —дея изоҳ берди давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Акбаров.
Шунингдек, анжуман давомида ортда қолган давр мабойнида амалга оширилган ишларга таҳлилий баҳо берилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг