“Йўл хариталари”нинг ижроси таҳлилдан ўтказилди

11:54 02 Ноябрь 2023 Сиёсат
295 0

Парламент юқори палатасида Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси, Комиссия раиси Т. Норбоева олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) ижросининг бориши муҳокама қилинди.

Йиғилишда Корея Республикаси билан олий даражада эришилган аниқ келишувлар доирасида қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, жорий йилда Жиззах вилоятида 7 млн. долларлик “Оптик тола ишлаб чиқаришни кенгайтириш” лойиҳаси ишга туширилди. Натижада йилига 85 минг километрлик оптик толали кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Фарғона вилоятида эса 7 млн. долларлик “Касбий таълим маркази” тўлиқ ишга туширилди. Манзилли рўйхат асосида 223 нафар ишсиз бўлган шахс, асосан, ёшлар ва хотин-қизлар ўқитилмоқда. Худди шу каби лойиҳа Хоразм вилоятида ҳам бошланган.

Шунингдек, Корея Республикаси Ҳукумати томонидан “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасига 74 млн. доллар ажратилиши маъқулланди. Лойиҳа доирасида 35 турдаги жами 8455 та тиббий жиҳозлар Корея Республикасидан келтирилиши режалаштирилмоқда.

Қолаверса, Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 5,6 млн. долларлик “Яшил тикланиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётир. Яшил ўсиш глобал институти (Корея)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди. Институт Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштириш ишларини бошлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик барқарор ривожланиб бормоқда.

Шу билан бирга, тадбир давомида “йўл хариталари”даги кечикиш билан бажарилаётган айрим вазифаларга эътибор қаратилди ва сабаблари бирма-бир таҳлил қилинди. Хусусан, “йўл хариталари” ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган вазирлик ва идоралар раҳбарлари масъулиятини ошириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилди ва муддатлар белгиланди.

Мажлис якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер