Изланиш, ўрганиш, яратиш
Архив фото
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги таҳлилий чиқиши Бош Қонунимиздан кўзланган мақсад ва амалий аҳамиятининг уч йил бурун бошланган тарихий босқичи — сифат жиҳатидан янгиланиш давримиз билан боғлиқликда тақдим этилганини илғамаслик мумкинмас. Чиндан ҳам, “шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар”ни белгилаб берувчи асосий ҳужжатимиз қоидалари давлат ва жамият турмушининг аниқ палласида кечаётган жараён билан уйғунлашмас экан, улардан мўлжалланган самарага эришиб бўлмайди. Хўш, ана шу самаранинг очқичи қаерда? Бизнингча, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган мана бу фикрда: “Оғир вақт ва синовни бошдан кечирмоқдамиз! Лекин улардан ўтишимиз керак! Ҳаммамиз изланиш ва ўрганишдамиз. Янги Ўзбекистонни қуряпмиз!”
Кимга қандай, билмаймиз-ку, аммо бизга қолса, ҳозир кенг муҳокама қилинаётган миллий ғоя масаласининг ўзагига айнан шу фикр мағзини қўйган бўлардик: изланиш, ўрганиш, яратиш! Ўзбек жамиятининг XXI асрда кечаётган ҳозирги палласининг миллий ғояси айнан шу уч устунга таяниши шартлиги борасида иккиланмаймиз.
Агар чуқурроқ таҳлил қилинса, неча минг йиллик маданий тараққиёт йўлига эга ўзбек миллати ва давлатининг куч-қудрати ҳам аслида худди шу қоидадан яралмаганмиди?! Улуғ салтанатларимиз, буюк кашфиёт ва шахсларимиз айнан шу омиллар маҳсули эмасмиди?! Худди шундай!
Нималар сабаб бўлиб, сўнгги беш юз йил ичида илгариги анъанавий марраларни қўлдан бердик, қолоқликка юз тутдик, учга бўлиниб, мустамлакачиларга ем бўлдик, давлат мустақиллигимизни йўқотдик? Нега?
Миллат ва давлат сифатида изланишдан тўхтаганимиз, ўз устимизда ишламай қўйганимиз оқибатида шундай бўлди.
Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг Али Қушчи юртни тарк этди. Ўзи билан неча йиллик изланишлари ўлароқ тўплаган илмини, шунингдек, астрономия, математика, тиббиёт, кимё, тарих, адабиётга оид, ўз даврининг энг илғор билимлари жамланган нодир илмий асарларни олиб кетди. Рум ҳукмдори, усмоний султон Муҳаммад II нима қилиб бўлса-да, буюк ўзбек математиги ва астрономини ўз саройига олиб келишга эришди. Шу тариқа Истанбулда аниқ ва табиий фанлар мактаби яратилди. Усмонийлар салтанатининг кучига куч, қудратига қудрат қўшилди. Қайсидир маънода “муҳташам юз йил” пойдевори қўйилди.
Мазкур жараёндан усмонийлар пойтахтида Шарқ илмий янгилик ва кашфиётларини излаб юрган европалик (Германия, Италия, Австрия, Нидерландия) элчилар, турли мутахассислар четда қолмаганларига тарих гувоҳ. Турли йўллар билан Мирзо Улуғбек “Зиж”и ва бошқа илғор илмий асарларни қўлга киритиб, мамлакатларига ташиб кетганлари, улардаги янги ғоя ва ёндашувлардан ижодий фойдаланганлари ҳам яхши маълум.
Бизда-чи, бизда нима бўлди? Бизда аниқ ва табиий фанлар бўйича теран изланишлар аввалига сусайди, кўп ўтмай тўхтади. Шу йўсинда, ўзбек илм-фани ўлди. Ортидан давлатчилигимизга хос юксалишлар йўлидаги изланишлар сўниб борди, сиёсий бошбошдоқликлар кучайгандан-кучайди, юрт учун масъул сиёсий казо-казоларни етиштириш анъана ва тушунчалари ўзгача ёқларга бурилиб кетди. Абдураҳмон Жомий Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Али Қушчининг табиий ва аниқ фанларга оид маърузаларини тинглаганига ўхшаш ва кундалик турмуш тарзига айланган серишора қоидалар чўпчакка айланди.
Шу маънода, Президентимиз “Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади” таъкидини шунчаки тилга олмаганига ишончимиз комил.
“Темур тузуклари”ни синчиклаб ўқиб, уққан киши мазкур шоҳасар ўзбекнинг забардаст ўғлони ва арбобининг давлат ҳамда жамият бошқарувини қонун негизида қуриш йўлидаги неча йиллик тажриба ва изланишларининг маҳсули эканини тушуниб етади. Қолаверса, инсоният ўтмишида биронта ҳукмдор давлат ва жамият бошқарувига бағишланган ўз билимларини бир тизимга солиб қолдирган эмас. Ҳар ҳолда биз бундайини билмаймиз (лекин жаҳон аҳли ҳукмдор сиёсатда куч ишлатиши, зулм қилиши, виждонни эсдан чиқариши мумкинлигини оқлаган Макиавеллини мутафаккир, файласуф ва ёзувчи, деб билади, кези келганда, улуғлайди)...
Илм-фан, маданият, дин, сиёсат бобида дунё тан олган аждодларимиз ҳаёти ва меҳнат маҳсули, моҳият эътибори билан, изланишлар ўлароқ яралганини инкор этиб бўлмайди. Асрлар ўтса-да, ўз кўрки ва салобатини йўқотмай келаётган, ўзбекнинг ҳақиқий ғурур ва ифтихорига айланган тарихий обидаларимиз ҳам аслида боболаримизнинг изланишлари натижаси ўлароқ юзага келмаганми?! Демак, изланиш қобилияти бизнинг қонимизда бор. Изланишнинг изи, албатта, қолади.
Излаган топади, топдими, демак, ўрганди. 2016 йил кузида бошланган сифат жиҳатидан янгиланиш босқичимизнинг илк кунларидан бошлаб Президентимиз бир омилга узлуксиз урғу бериб келади. Қурилиш ё деҳқончиликми, таълим ё соғлиқни сақлашми, ишбилармонлик ё давлат бошқарувими, қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, бизга замонавий илм керак, дейишдан чарчамайди. Тантанали тадбирда ҳам ислоҳотлар тақдирини билим билан бежиз боғламадилар. Негаки, эскича дунёқараш ва ҳаминқадар билим билан замонавий сифат ўзгаришларига эришиб бўлмайди!
Тўғри, Бош Қонунимизда ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи муҳрлаб қўйилган. Аммо таълим сифатини кафолатлайдиган замонавий илм-фан асосларини яратиш борасида бош қотирмадик. Демак, ҳуқуқнинг борлиги ишнинг пишгани эмас экан. Ҳуқуқ унумга айланиши учун унинг амалдаги самараси муҳимроқ экан. Бу — вақт исботлаган ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбари айнан шу сабабдан ҳам бошданоқ таълим тизимини тубдан ва сифат жиҳатидан ислоҳ қилишга қаттиқ бел боғлади. Яъни конституциявий ҳуқуқнинг ҳаётий ифодасини илғор йўсинда таъминлаш вазифасини қўйди. Натижалар қаймоғини эса сўз кетаётган йиғилишда кўрдик. Гап Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларининг чиқишлари ҳақида.
Бугун ёшларнинг аниқ, табиий ва ижтимоий фанларнинг турли йўналишларида эришган ютуқларини кўрган ҳар қандай инсон қувонади, албатта. Бу уларга бўлган ғамхўрлик, яратилган шароитлар мевасидир. Демак, ўрганишга интилган фарзандларимизни уларнинг истеъдоди ва иқтидорига қараб парваришлаш муҳим экан. Президент мактабига кириш учун синовларда бир ўринга бир юз эллик беш даъвогар чиққани жамиятимизда интилиш, изланиш, ўрганиш муҳити тирилганининг тасдиғидир. Миллий етакчимизнинг “бугун жамоатчилик том маънода уйғонди”, деган сўзларининг пойдеворини биз айнан шу омил билан боғлаган бўлардик. Ушбу пойдеворни елкасида тутиб турганлар, ҳеч шубҳасиз, ота-оналардир. Ўтган уч йилда эришилган энг катта ютуқларимиздан бири ҳам аслида шу.
Ота-онага нима керак? Фарзандининг камоли керак. Қайси ота-она ўғил-қизим ўқимасин-ўрганмасин, юксакликларни забт этмасин, ўзлигини намоён этмасин, етук инсон, бахтли-саодатли бўлмасин, дейди? Аммо жамиятда адолат бўлмаса, бўзчининг боласи бўзчи, ўқчиники ўқчи бўлиши олдиндан аён бўлса, ким нимага интилади, нимани ўрганади, нимага ишонади?!
Кураш, синов осон кечмаслигини олдиндан била туриб, бир ўрин учун бир юз эллик беш ота-она фарзандини етаклаб келгани, синовнинг ҳалоллигига бўлган қаттиқ ишончнинг туғилганидагина эмас, балки ундан-да муҳимроқ, биз учун сув ва ҳаводек зарур, келажак ютуқларимизнинг кафолати бўлмиш омилнинг миллий онгимизга сингиб бораётганидадир. У ҳам бўлса, ота-оналаримиз тимсолида миллатимиз курашчан бўлди, бўлмоқда. Миллатимиз ўз авлоди, ўзи учун курашишга ўрганмоқда, ўргатилмоқда. Демак, изланиш, ўрганиш инсон ва миллатни курашишга ўргатади. Курашчанлик дунёқарашига эга эканмиз, ҳар қандай оғирлик ва синовларни енгиб ўтишимиз муқаррар.
Шу билан бирга, бунинг учун бизга яна бир омилнинг кучи лозим бўлади. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни янгилаш, миллий юксалишни янги босқичга кўтариш бу — ўз-ўзидан, осонликча бўлаётгани йўқлигини таъкидлаган ҳолда “қарс икки қўлдан чиқади” мақолини бежиз эслатиб ўтмади, албатта.
Ўзбек миллати ва давлати ўзининг узоқ тарихий тараққиёт йўлида ҳеч қачон сиёсий эркинлик муҳитида яшамаган. Бундай кўникма ҳеч кимда — давлат идораларида ҳам, фуқароларда ҳам ҳеч қачон бўлмаган. Ушбу биз учун бутунлай янги ижтимоий ҳодисага илк бор 2016 йил кузидан бошлаб дуч келдик. Бошқача айтганда, ялпи эркинлик шароитида қандай яшаш ва ишлаш кераклигини билмаганмиз ва энди ўрганмоқдамиз.
Моҳият эътибори билан айтганда, замонамиз қийинчилиги мавжуд муаммоларнинг кўлами ва тошидан кўра ўзбекнинг бирон авлодида сўнгги неча юз йиллар ичида катта синовлардан ўтиш қобилияти бўлмаганидадир. Яъни бугун демократия, бозор иқтисодиёти, фуқаролик жамияти шароитида яшаш ва ишлашга қодир замонавий авлод тарбияланмоқда, шакллантирилмоқда. Ушбу жараённинг ҳал қилувчи кучи эса эркинликдир. Эркинлик туғдирган муҳит қанчалик мураккаб, қарама-қаршиликларга тўла, айрим пайтларда қуюшқондан чиқиб кетиш ҳолатлари мавжуд бўлишига қарамай, Президентимиз жамият эркинлигини қаттиқ, таъбир жоиз бўлса, кўз қорачиғидек қўриқлаётганининг бош сабаби ҳам шунда, деб биламиз. Зеро, айнан эркин инсонларгина демократия, бозор иқтисодиёти, фуқаролик жамиятини қура оладилар.
Шу билан бирга, эркинликнинг юки ниҳоятда оғирдир. Эркинлик фақат ҳуқуқдир, деганлар адашади. Эркинликнинг ўз мажбуриятлари ҳам бор. Бу — масъулият! Эркинлик фақат айрим қатламникигина бўла олмайди. Кимки шундай фикрда бўлса, у ҳамон эски замон муҳитида туриб ўйламоқда, яшамоқда, ишламоқда. Эркинлик ҳар ким ва барчанинг дахлсиз мулкидир. Бирон шахс, бирон тоифа, гуруҳ уни мутлақ ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
Эркинлик имтиёз эмас. Агар имтиёз бўлса, у барча учун тенг имтиёздир. Бундан чиқди, умумнинг эркинлиги умумнинг мажбуриятидир.
Ўтган уч йил ичида жамоатчилик давлатни назорат қилишни ўрганди, бироқ ўзини ўзи назорат қилишни ўрганишда оқсамоқда. Мазкур ҳолатни оқловчи бир асос бор: умумэркинлик биз учун бутунлай янгича, ўзбекнинг бирон авлоди шу чоққача тотиб кўрмаган ижтимоий ҳодисадир. Демак, биз эркинлик шароитида яшаш ва ишлаш, унинг куч-қудратидан нафақат ўз манфаатларимиз, балки миллий тараққиёт йўлида самарали фойдаланиш борасида ҳам изланишимиз, ўрганишимиз лозим! Янги Ўзбекистонни шу тариқа қура оламиз. Шундагина, Президентимиз сўзлари билан айтганда, “ҳеч ким, ҳеч қандай куч бизни ўз танлаган йўлимиздан қайтара олмайди”. Изланиш, ўрганиш, яратиш ғоясининг мағзи ҳам шунда!
Азамат ЗИЁ,
тарих фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг