Ижтимоий шериклик истиқболлари: кеча ва бугун

14:01 07 Ноябрь 2022 Жамият
659 0

Фото: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Пойтахтимиздаги Тошкент архитектура қурилиш институтида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб “Ижтимоий шериклик истиқболлари: кеча ва бугун” мавзуида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ҳамда муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва талаба-ёшлар қатнашди.

Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси ўз ижтимоий шериклари бўлган тегишли вазирликлар билан имзоланган Тармоқ келишувлари асосида иш олиб бормоқда.

Хусусан, тармоқ касаба уюшмаси томонидан меҳнат қонунчилиги ҳамда жамоа шартномаларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати юритилиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш, хавфсиз иш ўринларини яратиш, моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат жамоаларида маданий, оммавий спорт тадбирларини йўлга қўйиш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Жамоа шартномалари орқали 10 минг 832 нафар ишчи-ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, меҳнаткашлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадларига иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида 4 млрд. 27 млн. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш болали 274 нафар аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланишига эришилди. 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши учун таътилда бўлган 455 нафар ёш оналарга 174 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида жамоа шартномаларида белгиланган 18 минг 760 та тадбир ижроси учун қарийб 16,5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, қарийб 13 минг нафар ишчи-ходим тиббий кўрикдан ўтказилди.

Сана арафасида ташкил этилаётган ана шундай анжуманларда мазкур йўналишлардаги ишлар сарҳисоби билан бирга, келгусидаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олиняпти.

Шунингдек, тадбир давомида ходимлар манфаатларини ҳимоялашда касаба уюшмалари билан ижтимоий шериклик асосида иш олиб бораётган ҳамкор ташкилотлар вакилларига ташаккурномалар топширилди. Тармоқ тизимидаги корхоналарда кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган ходимлар ҳамда касаба уюшма фаоллари рағбатлантирилди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер